Logo

Ўзбекистонда маҳкумлар билан учрашув ва видеомулоқот учун янги нархлар таклиф этилди

Bugun 20:301 daqiqa

Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан узоқ муддатли учрашув, видео ва телефон мулоқотлари учун тўлов тарифлари ва имтиёзлар жорий этилиши мумкин.

Ўзбекистонда маҳкумлар билан учрашув ва видеомулоқот учун янги нархлар таклиф этилди

Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан узоқ муддатли учрашувлар, масофавий видеомулоқот ва телефон орқали суҳбатлашиш учун янги тарифлар жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қўшма қарори лойиҳасида белгиланган.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, узоқ муддатли учрашув хоналаридан фойдаланганлик учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) нисбатан белгиланади. Хусусан, бир сутка учун икки кишилик хона БҲМнинг 20 фоизи, уч кишилик хона 25 фоизи, тўрт кишилик хона эса 30 фоизи миқдорида баҳоланади. Тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда амалга оширилади ва муассаса ходимлари томонидан нақд пул қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

«Қалъа» марказлашган ахборот тизими орқали амалга ошириладиган масофавий видеомулоқот ва телефон суҳбатларининг ҳар бир дақиқаси учун ҳам алоҳида тўлов жорий этилади. Унга кўра, видео-учрашувнинг бир дақиқаси учун БҲМнинг 0,5 фоизи, телефон суҳбати учун эса 0,1 фоизи миқдорида тўлов ундирилади. Бу маблағлар тўғридан-тўғри маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан автоматик тарзда ечиб олинади.

Шу билан бирга, узоқ муддатли учрашув хоналаридан фойдаланишда айрим тоифадаги шахслар учун имтиёзлар кўзда тутилган. Жумладан, маҳкумлар, 16 ёшгача бўлган болалар (бошқа катталарсиз келганда), I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оила аъзоларидан тўлов ундирилмайди. Бироқ ушбу имтиёзлар видео ва телефон мулоқотлари учун амал қилмайди.

Teglar

Mavzuga oid