
Кўп квартирали уйларни бошқаришда янги тизим жорий этилади
Президентга кўп квартирали уйларни бошқаришда шаффофликни ошириш, хизмат сифати ва инвестиция жозибадорлигини яхшилашга қаратилган янги ислоҳотлар таклиф этилди.

2026 йил 14 январ куни Шавкат Мирзиёевга кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдим этилди. Тақдимотда соҳадаги мавжуд муаммолар, хизмат сифати ва шаффофликни ошириш, шунингдек, инвестицияларни жалб этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда мамлакатда 44 мингдан ортиқ кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, уларда 7,1 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Уй-жой фондига 900 дан зиёд бошқарув сервис компаниялари, 200 дан ортиқ ширкатлар хизмат кўрсатмоқда, 856 та уйда эса ўзини ўзи бошқариш тизими жорий этилган.
Сўнгги йилларда кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, умумий мулкни таъмирлаш ва муҳандислик коммуникацияларини янгилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, хизмат сифати ва бошқарув самарадорлигини янада ошириш, қўшимча сервис турларини жорий этиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Таҳлилларга кўра, бошқарув компанияларининг аксарияти фақат мажбурий бадаллар ҳисобидан ишламоқда. Экспертларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, йирик шаҳар ва вилоят марказларида яширин даромадлар расмий тушумлардан камида икки баробар юқори. Бу ҳолат соҳада даромадли ва шаффоф янги молиявий модел ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан 2026–2030 йилларда айрим шаҳар ва туманларда кўп квартирали уйларни бошқаришнинг кластер тизимини ҳуқуқий эксперимент сифатида жорий этиш таклиф қилинди. Эксперимент доирасида уйлар техник ҳолатига қараб “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади, камида 7 минг хонадонни қамраб олган лотлар шакллантирилади ва беш йиллик ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади.
Бошқарувчи ташкилотларни танлаш мулкдорлар овози асосида амалга оширилади, молиявий ва ташкилий талаблар кучайтирилади. Шунингдек, барча бадаллар ва қўшимча даромадлар “Менинг уйим” биллинг тизими орқали ҳисобга олинади. Давлат раҳбари соҳада рақамлаштириш ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш, назоратни кучайтириш ҳамда инвестиция жозибадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.





