Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилади

Жорий йилда камида битта тижорат банкида исломий «дарча» фаолиятини йўлга қўйиш, 2026-2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этиш режалаштирилган.

Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилади © Foto: president.uz

Бугун, 25-март куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида мамлакат инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга қаратилган учта устувор йўналиш — халқаро молия ва рақамли технологиялар марказларини ташкил этиш ҳамда исломий молия хизматларини жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Тақдимот давомида давлат раҳбари Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгашини ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш – муробаҳа, фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини жалб этиш – музораба, вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки жалб этиш – вакала, товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали молиялаштириш – салам ва истисно, биргаликдаги фаолият орқали мижозни молиялаштириш – мушорака, мол-мулкни исломий ижарага бериш каби операциялар, шунингдек, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа исломий молия инструментларини жорий қилиш назарда тутилмоқда.

Бунда сотилган товар устамасига қўшилган қиймат солиғи ҳисобланмаслиги, инвестициявий омонатдан олинган даромад солиқдан озод қилиниши, исломий ижара шартномалари молиявий ижара ва лизингга тенглаштирилиши белгиланмоқда.

Соҳада тизимли бошқарувни таъминлаш мақсадида Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилади. Шунингдек, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларда ҳам алоҳида кенгашлар тузилади. Ушбу кенгашлар стандартлар ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кўмаклашиш, баҳсли масалаларга изоҳ бериш, шартномалар ва ички ҳужжатларни кўриб чиқиш, мувофиқлик устидан назоратни таъминлаш билан шуғулланади.

Жорий йилда камида битта тижорат банкида исломий «дарча» фаолиятини йўлга қўйиш, 2026-2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этиш режалаштирилган. Умуман, соҳадаги янгиликлар орқали 2026-2030 йилларда қўшимча 1 миллиард доллар миқдорида инвестиция ва депозитларни жалб қилиш имконияти яратилиши қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев мазкур таклифни амалиётга татбиқ этиш ишларини жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid