Метан «заправка»лар иш вақти чекланди
Газ босими пасайиши сабабли аҳоли ва ижтимоий объектларни устувор таъминлаш учун метан шохобчалари вақтинча қисқартирилган режимда ишламоқда.

5-март куни Ўзбекистондаги метан газ қуйиш шохобчалари соат 16:00 га қадар ишлайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик изоҳига кўра, мазкур қарор табиий газ босими пасайган даврларда аҳоли ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни узлуксиз ёқилғи билан таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Фарғона водийси
Фарғона водийси ҳудудида эса метан газ қуйиш шохобчаларининг иш режими маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда белгиланади. Бу ерда шохобчаларнинг иш вақти газ тармоқларидаги босим даражаси ва умумий истеъмол ҳажмидан келиб чиқиб тартибга солинади.
Вазирликка кўра, бундай чекловлар газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва таъминот барқарорлигини сақлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, мутасаддилар бу чоралар вақтинчалик эканини таъкидламоқда. Айни пайтда газ босимини меъёрий ҳолатга қайтариш бўйича техник ва ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Аввалроқ 4-март куни соат 19:00 дан 5-март куни соат 10:00 гача «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов киритилиши ҳақида хабар берилган эди.





