Мирзиёев 150 млрд сўм ҳисобига таъмирланган маҳаллани кўздан кечирди
Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор тумани Зарқайнар кўчасида ташкил этилган туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари билан танишиб, турист ва ҳунармандлар билан мулоқот қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 январ куни Олмазор тумани Хастимом маҳалласи Зарқайнар кўчасида ташкил этилган туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Олмазор туманида туризм салоҳиятини тўлиқ ишга солиш мақсадида 447 гектар ҳудудни қамраб олган лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳага кўра, 15 та маҳаллани ўзаро боғловчи туман аҳамиятидаги 6 та кўчада туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади.

Мазкур лойиҳанинг бир қисми – Зарқайнар кўчасида бажарилган бунёдкорлик ишлари. асрлар давомида шаклланган тарихий қиёфаси, миллий меъморчилик анъаналари ва ҳунармандчилик руҳи билан ажралиб туради.
Республика бюджетидан ажратилган 150 миллиард сўм ҳисобига бу ердаги 576 та хонадон миллий кўринишда таъмирланиб, маҳалла тарихий муҳитга уйғун қиёфа касб этди.

100 нафар тадбиркор томонидан 166 миллиард сўм инвестиция киритилгани натижасида 7 та меҳмонхона, 8 та ресторан, 5 та ҳунармандлик маркази, 1 та савдо маркази, 125 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди, 1500 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.
Мирзиёев янгиланган кўча бўйлаб юрар экан, миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Шу ерда истиқомат қилаётган оилалар, туристлар, ҳунармандлар билан самимий суҳбатлашди.

«Биз туристлар учун шароит яратишни истаймиз, лекин бунинг асосини ҳам тўғри йўлга қўйишимиз керак. Масалан, ҳунармандчилик – миллийлигимизни ифодалайдиган асосий йўналишлардан бири. Шу боис ҳунармандлар маҳсулот ишлаб чиқариши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш бизнинг вазифамиз. Малакали кадрлар тайёрлаш зарур. Шу мақсадда ҳунармандлар университетини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Биз тадбиркорлар билан учрашяпмиз, эндиликда ҳунармандлар билан ҳам алоҳида учрашувлар ташкил этамиз», – деди Президент.
Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишларни янада такомиллаштириш, асраб-авайлаган ҳолда иқтисодий фаолликни ошириш, энг муҳими, одамлар манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

«Олмазор» инновацион ҳудудининг мастер-режаси
Шу ерда Президентга «Олмазор» инновацион ўсиш ҳудудини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган мастер-режа тақдимот қилинди.
Тақдимотда ҳудудни фазовий-ҳудудий ривожлантириш концепцияси, эҳтиёжларни баҳолаш натижалари ҳамда функционал зоналаштириш ечимлари кўрсатиб ўтилди.

Мастер-режага мувофиқ, таълим-инновация, туризм ва савдо, маданий мерос, бизнес ҳамда IT хизматларини қамраб олган «ривожланиш коридорлари» шакллантирилади.
Эски шаҳар атрофида Талабалар шаҳарчаси, университет ва технопарклар соғлиқни сақлаш объектлари, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази, Ҳазрати Имом мажмуаси, Чорсу ва тарихий шаҳар марказини ўз ичига олган туризм йўналишлари ўзаро боғланади.

Шу билан бирга, шимолий марказий ишбилармонлик ҳудудида офислар, IT-парк ва бизнес марказларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Мастер-режани амалга ошириш орқали тарихий меросни сақлаган ҳолда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва шаҳар муҳитини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган.
«Ҳар бир кўча учун камида беш йиллик мастер режа ишлаб чиқиш зарур. Кеча Швейсариянинг Даос шаҳрида бинолар сақланган ҳолда, шаҳар муҳити шароитга мос равишда ривожлантирилаётганини кўрдим. асраб-авайлашимиз, янада ривожлантиришимиз шарт. Шу мақсадда алоҳида «Эски шаҳар» дастурини ишлаб чиқиш зарур», – деди Мирзиёев.





