
Мирзиёев Япония савдо вазири билан учрашди
Президенти Шавкат Мирзиёев Токиога расмий ташрифи доирасида Япония иқтисодиёт, саноат ва савдо вазири Рёсей Аказавани қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифи доирасида мамлакат иқтисодиёт, саноат ва савдо вазири Рёсей Аказава билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Музокараларда Ўзбекистон–Япония стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари асосий эътибор марказида бўлди.
Учрашув аввалида давлат раҳбари Япония билан савдо-инвестициявий ҳамкорлик сўнгги йилларда барқарор суръатда ривожланаётганини қайд этди.
Айниқса, Япония компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари сезиларли даражада ошгани таъкидланди. Маълум қилинишича, сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони ўн баробарга кўпайган, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 20 миллиард доллардан ошган.
Томонлар савдо ва инвестиция алоқаларини янада чуқурлаштириш имкониятларини муҳокама қилди. Муҳокамалар давомида муқобил энергетика, карбонсизлантириш, ўта муҳим хомашё ресурсларини қайта ишлаш, замонавий саноат технологияларини жорий этиш каби йўналишларда саноат кооперациясини кенгайтиришга алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, қўшма дастур ва лойиҳаларни тизимли илгари суриш мақсадида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича вазирлар даражасида ҳукуматлараро комиссия ташкил этиш муҳим экани таъкидланди. Бу платформа йирик инвестиция ташаббусларини мувофиқлаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув якунида Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти — ЖЕТРО ҳамда МДҲ мамлакатлари билан савдо бўйича ассоциация — РОТОБО фаол иштирокида ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди. Бу келишув икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Япония бош вазири Санаэ Такаичи таклифига биноан 18-20 декабрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади ва «Марказий Осиё + Япония» биринчи саммитида иштирок этади.





