Logo

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида сунъий интеллект бўйича рақобат кучайди

Япониянинг «Nikkei Asia» нашри таҳлилига кўра, ҳар икки давлат йирик дата-марказлар қурилишини жадаллаштириб, минтақанинг асосий рақамли хабига айланишни мақсад қилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида сунъий интеллект бўйича рақобат кучайди

Марказий Осиёда сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш бўйича рақобат кучаймоқда. «Nikkei Asia» нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон йирик дата-марказлар қурилишини тезлаштириб, минтақада рақамли технологиялар марказига айланиш учун курашмоқда.

Ўзбекистонда 2026-йил охирига қадар «TAS-1» дата-маркази ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳа Саудия Арабистонининг «DataVolt» компанияси томонидан молиялаштирилмоқда. Компания келгусида мамлакатдаги дата-марказларининг умумий қувватини 500 мегаваттга етказишни мақсад қилган.

Ҳукумат прогнозларига кўра, 2030-йилга бориб Ўзбекистонда сунъий интеллект маҳсулотлари ва хизматлари бозори ҳажми 1,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Қозоғистон устунликка эга

Қозоғистон эса янада йирик «Data Center Valley» лойиҳасини амалга оширмоқда. Экибастуз шаҳрида қурилаётган мажмуа 1 гигаватт қувватга эга бўлади ва 100 мингта «Nvidia» чипини жойлаштириш имкониятини беради. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллиард долларга баҳоланган.

Қозоғистон ҳукумати маълумотига кўра, ушбу ташаббусга АҚШ, Хитой ва Ҳиндистоннинг 20 дан ортиқ йирик технологик компанияси қизиқиш билдирган.

«Nikkei Asia» суҳбатлашган таҳлилчиларнинг фикрича, ҳозирча Қозоғистон бир қатор устунликларга эга. Жумладан, мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари юқори, тарифлар нисбатан арзон ва энергетика инфратузилмаси яхшироқ ривожланган.

Асосий чақириқ

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳам бир нечта муҳим афзалликларга эга. Хусусан, мамлакат энергетикаси углерод чиқиндилари жиҳатидан нисбатан экологик тоза ҳисобланади, қайта тикланувчи энергия манбалари жадал ривожланмоқда ва ички бозор ҳажми ҳам каттароқ.

Экспертларнинг таъкидлашича, ҳар икки мамлакат бир хил муаммога дуч келмоқда — энергия таъминоти.

Чунки сунъий интеллект учун мўлжалланган замонавий дата-марказлар узлуксиз ишлаши учун жуда катта ҳажмда барқарор электр энергияси талаб этилади.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида сунъий интеллект бўйича рақобат кучайди | Vaqt.uz