Logo

ХМЖ Марказий Осиё учун 33 млн долларгача маблағ ажратмоқчи

Дастлабки молиялаштириш пакети 18 млн долларни ташкил этади. Молиялаштириш евро ва маҳаллий валюталарда амалга оширилади.

ХМЖ Марказий Осиё учун 33 млн долларгача маблағ ажратмоқчи © Foto: invest.gov.kz

Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) Қозоғистон ва Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш тармоғини кенгайтириш учун «Eurasia Group» компаниясига 33 миллион долларгача маблағ ажратади.

IFC’нинг маълум қилишича, лойиҳа доирасида энергияни тежайдиган тўртта сервис маркази қурилади. Шунингдек, фермерлар учун ўқув дастурлари ташкил этилади ва уларнинг замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.

Дастлабки молиялаштириш пакети 18 миллион долларни ташкил этади. Шундан 15 миллион доллар Қозоғистонга, 3 миллион доллар эса Қирғизистонга йўналтирилади. Кейинчалик «Eurasia Group» компаниясининг Қозоғистондаги фаолиятини кенгайтириш учун яна 15 миллион доллар ажратилиши мумкин.

Ажратилган маблағлар ҳисобига Қозоғистоннинг Остона, Павлодар ва Петропавловск шаҳарларида учта сервис маркази қурилади. Яна битта марказ Бишкек шаҳрида барпо этилади. У Қирғизистонда John Deere техникасига ихтисослашган биринчи сервис маркази бўлади.

Молиялаштириш евро ва маҳаллий валюталарда амалга оширилади. Томонларнинг таъкидлашича, бундай ёндашув «Eurasia Group» компаниясига валюта курсининг ўзгариши билан боғлиқ хавфларни камайтиришга ёрдам беради.

Янги марказлар фермерларнинг оригинал эҳтиёт қисмлар, техник хизмат кўрсатиш ва носозликларни тезкор бартараф этиш имкониятларини яхшилайди. Лойиҳа Қозоғистон ва Қирғизистондаги қарийб 1 700 та фермер хўжалигини қамраб олади.

«Eurasia Group» компанияси Марказий Осиёда 2002-йилдан бери фаолият юритади. У John Deere техникасининг дистрибютори ва эксклюзив дилери ҳисобланади. Компанияда 600 дан ортиқ киши ишлайди. Лойиҳа иштирокчиларининг баҳолашича, инвестициялар натижасида бевосита ва билвосита 1600 га яқин иш ўрни қўллаб-қувватланади.

Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири фермерларни ўқитиш, янги технологиялар ва рақамли воситаларни жорий этиш бўлади. Бу чоралар қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ва техникалардан самарали фойдаланишга ёрдам бериши кутилмоқда.

«Eurasia Group AG» президенти ва бош директори Мустафа Заҳин Қозоғистондаги фаолиятни кенгайтириш ва Қирғизистонда биринчи ихтисослашган сервис марказини очиш компания ҳамда минтақадаги фермерлар учун муҳим воқеа эканини таъкидлади.

Унинг айтишича, IFC кўмаги техникалар ва уларга кўрсатиладиган хизматларни фермерларга яқинлаштиради. Шунингдек, ходимларнинг малакасини ошириш ва тажриба алмашиш учун қўшимча имкониятлар яратади.

IFC’нинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда ишлаб чиқариш, агробизнес ва хизматлар соҳаси бўйича минтақавий директори Вагнер Албукерке де Алмейданинг таъкидлашича, замонавий сервис марказлари фермерларга иш самарадорлигини ошириш, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш ва иқлим ўзгаришига мослашишда ёрдам бериши мумкин.

Барча тўртта марказ IFC EDGE яшил бинолар стандарти бўйича сертификатланиши режалаштирилган. Лойиҳа ҳисоб-китобларига кўра, бу биноларнинг энергия сарфини 20 фоизга камайтириш ва ҳар йили атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари миқдорини қарийб 1674 тоннага қисқартириш имконини беради.

«Eurasia Group», шунингдек, иш жойларида хавфсизликни ошириш ва аёллар учун касбий ўсиш имкониятларини кенгайтириш устида ишлаётганини маълум қилди. Ҳозирда компания ходимларининг қарийб 26 фоизини аёллар ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 миллион доллар қарз беришга қарор қилганди.

Teglar

Mavzuga oid