
Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 2030 йилгача 240 млрд доллардан оширилади – Шавкат Мирзиёев
Президент иқтисодий ўсиш суръатлари сақланса, келгуси беш йилда ЯИМни 240 млрд долларга етказиш мумкинлигини билдирди.

Давлат раҳбари маълум қилишича, жорий йил мамлакат тарихида илк бор ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошиб, иқтисодий салоҳият ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини яққол намоён этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа йўллаган Мурожаатномасида таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, бундай натижалар халқнинг меҳнати, тадбиркорлар фаоллиги ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлар самарасидир. Давлат раҳбари бу ютуқлар Ўзбекистон жамияти қандай улкан марраларга эриша олишини кўрсатаётганини қайд этди.
Эслатиб ўтилганидек, икки йил аввал қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга қадар 160 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган эди. Бироқ мавжуд имкониятлар ва иқтисодий фаолликнинг ошиши ҳисобидан ушбу кўрсаткичга 2026 йилнинг ўзидаёқ эришиш мумкинлиги таъкидланди.
Президент таълим ва тиббиёт соҳаларида илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш, янги технологияларни жалб қилиш ҳамда кадрларни илм-фан ва инновацияларга асосланган замонавий касбларга тайёрлаш орқали келгуси беш йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Шунингдек, президент глобал иқтисодий рақобат шароитида малакали кадрлар ва замонавий технологиялар ҳал қилувчи аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди. Унинг таъкидлашича, иқтисодиётни янги сифат босқичига олиб чиқиш учун юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоқларни ривожлантириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Хусусан, даромадли сервис хизматларини кенгайтириш, биоинженерия имкониятларидан фаол фойдаланиш, илғор агротехнологиялар ва сув тежайдиган усулларни жорий этиш муҳим йўналишлар сифатида кўрсатилди. Шунингдек, «яшил» энергетикага ўтиш, чиқиндисиз ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва ресурслардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.





