Logo

Ўзбекистонда арзон дрон-интерсептор ихтиро қилинди

Bugun 16:342 daqiqa

Анъанавий ҳаво мудофааси ракета тизимларининг бир донаси 2–5 миллион доллар атрофида баҳоланса, янги дрон-интерсептор 40–100 баравар арзон. У 10 километргача бўлган масофадаги ҳаво нишонларини йўқ қила олади.

Ўзбекистонда арзон дрон-интерсептор ихтиро қилинди

Ўзбекистонда хавфли дронларни аниқлаш ва зарарсизлантириш учун мўлжалланган «Шунқор-88» тутиб олувчи дрони ишлаб чиқилди. Бу ҳақда «inbusiness.kz» хабар берди.

Лойиҳа «Келажак муҳандислари» танлови доирасида яратилган. Унинг муаллифи Билолхон Исмоиловнинг маълумотларига кўра, «Шунқор-88» соатига 450 километргача тезликда ҳаракатлана олади ва дронларни 8–10 километр масофадан туриб уриб тушириши мумкин. Дрон ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун ишлатилиши режалаштирилмоқда. У ҳавода 10–15 дақиқа парвоз қила олади.

Ишлаб чиқувчилар ушбу лойиҳанинг асосий афзалликларидан бири сифатида унинг нархини кўрсатмоқда. Уларнинг баҳосига кўра, битта «Шунқор-88»ни ишлаб чиқариш 20–50 минг доллар туриши мумкин. Таққослаш учун, ишлаб чиқувчилар келтирган маълумотларга кўра, битта ҳаво мудофааси ракетасининг нархи 2–5 миллион доллар атрофида. Шундай қилиб, янги ихтиро дронларга қарши курашишнинг анча арзон воситаси сифатида тақдим этилмоқда. Қурилманинг тахминан 45 фоизи маҳаллийлаштирилган.

Дроннинг ишлаш принципига кўра, радарлар орқали аниқланган маълумотлар операторга узатилади. Оператор дронни нишон томон йўналтириб, кинетик ёки портловчи модда ёрдамида ҳаводаги нишонни йўқ қилади.

Муаллифларнинг айтишича, «Шунқор-88» Чирчиқ, Аранчи ва Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон полигонларида бир неча марта синовдан ўтказилган.

Қолаверса, лойиҳа 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда президент Шавкат Мирзиёевга ҳам тақдим этилган. Муаллифларнинг сўзларига кўра, давлат раҳбари лойиҳани юқори баҳолаб, унинг амалиётда қўлланилиши ва буюртмасиз қолмаслиги юзасидан мутасаддиларга топшириқ берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев урушлар фонида Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича топшириқ берганди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда арзон дрон-интерсептор ихтиро қилинди | Vaqt.uz