Logo

Ўзбекистонда норасмий бандлик 2030-йилгача 25 фоизгача қисқартирилади

Bugun 12:002 daqiqa

Янги стратегия лойиҳасида 2030-йилгача ишсизликни 4 фоизга тушириш, 700 минг нафар фуқарони касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш, талабалар учун эса мажбурий амалиёт жорий этиш белгиланган.

Ўзбекистонда норасмий бандлик 2030-йилгача 25 фоизгача қисқартирилади © Ijtimoiy tarmoqlar

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ўзбекистонда меҳнат бозорини 2030-йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, хотин-қизлар ўртасидаги ишсизлик даражасини 5 фоизгача, ёшлар ўртасидаги ишсизликни эса 4,5 фоизгача тушириш кўзда тутилган.

Шунингдек, бошқарув лавозимларидаги аёллар улушини 35 фоизга, давлат фуқаролик хизматидаги аёллар улушини 40 фоизга ҳамда доимий иш ўрнига эга бўлган олий таълим битирувчилари улушини 65 фоизга етказиш белгиланмоқда.

Қарор лойиҳасида ваучер тизими асосида 700 минг нафар ишсиз ва расмий даромади йўқ фуқаронинг касб-ҳунар, тадбиркорлик ва хорижий тилларни ўрганиш харажатларини қоплаш амалиёти назарда тутилган. Бунда нодавлат таълим ташкилотларининг улушини 48 фоизгача ошириш режалаштирилмоқда.

Мазкур ваучер тизимини босқичма-босқич нафақат ишсизларга, балки малакаси эскираётган ишлаётган ходимларга ҳам жорий этиш, шу билан бирга, йўқолиб бораётган касблар рўйхати ва келажакда пайдо бўладиган янги касблар бўйича прогноз шакллантириш таклиф қилинмоқда.

Таълим ва мажбурий амалиёт

Стратегияга мувофиқ, олий таълим ва ўрта махсус таълим муассасаларининг битирувдан олдинги курс талабалари учун камида 3 ойлик мажбурий ишлаб чиқариш амалиёти жорий этилади. 2027/2028-ўқув йилидан бошлаб эса умумтаълим мактабларининг 9−11-синфлари дастурига касбга йўналтириш модуллари киритилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Бандлик вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан бир ой ичида кадрларга бўлган эҳтиёжни прогнозлаш бўйича идоралараро кенгаш тузилиши белгиланган. Мазкур кенгаш ҳар йили мутахассисликлар бўйича 3−5 йиллик прогнозни тасдиқлайди.

Натижада, таълим квоталари ва касб-ҳунарга ўқитиш дастурларининг камида 70 фоизи меҳнат бозори прогнозларига боғланади.

Меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолати

Лойиҳада келтирилган расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда меҳнат ресурслари 20,6 миллион кишини ташкил этган. Шундан 15,7 миллион нафари иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади.

Банд бўлган 14,9 миллион кишининг 8,6 миллион нафари расмий секторда, 4,9 миллион нафари эса норасмий секторда фаолият юритмоқда. Яна 1,4 миллион нафари хорижда меҳнат қилмоқда.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2025 йилда ишсизлар сони 745 минг кишини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 91 минг кишига ёки 10,9 фоизга камайганини англатади. Натижада ишсизлик даражаси 4,8 фоизгача пасайган.

Мазкур қарор лойиҳаси муҳокамаси 19-ноябргача давом этади.

Teglar

Mavzuga oid