Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 6,1 млн сўмни ташкил этди
2025 йилнинг январ–сентябр ойларида ўртача иш ҳақи 19,2 фоизга ошган. Энг юқори маош Тошкент шаҳрида, энг пасти эса Қашқадарё вилоятида қайд этилган.

Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ–сентябр ойларида мамлакат бўйича ўртача номинал иш ҳақи 6 миллион 166,9 минг сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,2 фоизга кўпдир.
Ҳудудлар кесимида энг юқори иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 10,3 миллион сўм. Навоий вилояти 7,6 миллион сўм билан иккинчи ўринни эгаллаган, ундан кейин 5,8 миллион сўм билан Тошкент вилояти ўрин олган. Энг паст иш ҳақи эса Қашқадарё вилоятида — 4,27 миллион сўм атрофида бўлди.

Соҳалар бўйича таҳлил шуни кўрсатадики, санъат, кўнгилочар ва дам олиш хизматлари йўналишида иш ҳақи 22,8 фоизга ўсиб, 5,1 миллион сўмга етди. Ахборот ва алоқа соҳасидаги иш ҳақи 16,6 фоизга ошиб, ўртача 14,98 миллион сўмни ташкил этди. Банк ва суғурта соҳалари энг юқори маошли бўлиб қолмоқда — ўртача 16,82 миллион сўм.

Ташиш ва сақлаш соҳаларида иш ҳақи 9,38 миллион сўмни ташкил этган бўлса, саноат соҳасида ўртача маош 7,3 миллион сўмга етди. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳаларида энг паст иш ҳақи кузатилди — 3,76 миллион сўм, ўсиш суръати эса 14,6 фоизни ташкил этди.
Ахборот ва алоқа тармоқларида дастурлаш, маслаҳат бериш ва ёрдамчи хизматларда ишловчи мутахассислар 19,99 миллион сўмгача ойлик маош олмоқда. Молия ва суғурта йўналишида эса айрим ташкилотларда иш ҳақи 20,97 миллион сўмга етган. Таълим соҳасида энг юқори маош олий таълим тизимида — 9,51 миллион сўм, мактабгача таълим муассасаларида эса бу кўрсаткич 2,77 миллион сўмни ташкил этмоқда.





