«Ўзйўлкўприк» кластери мансабдори пора билан ушланди

Bugun 15:291 daqiqa

Қорақалпоғистонда «Беруний–Тўрткўл» магистрал йўли қурилиши бўйича 10 минг доллар пора талаб қилган мансабдор шахс ушланди.

«Ўзйўлкўприк» кластери мансабдори пора билан ушланди

Қорақалпоғистон Республикасида йўл қурилиши соҳасида пора талаб қилиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолат фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мансабдор шахс пора олаётган вақтида қўлга олинди.

Маълум бўлишича, «Ўзйўлкўприк» кластери давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси филиалида ишловчи мансабдор шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали «Беруний–Тўрткўл» йўналишидаги А380-сонли магистрал йўл қурилиши лойиҳасида 5 километрлик иш ҳажмини олиб беришни ваъда қилган. Бу хизмат эвазига у тадбиркордан 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари томонидан ташкил этилган тезкор тадбир давомида мансабдор шахс пул маблағини МЧЖ раҳбаридан қабул қилиб олаётган пайтда ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ҳамда 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни бундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда тегишли идораларга мурожаат қилишга чақирмоқда. Агар шундай ҳолатларга гувоҳ бўлинса, ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар бериш мумкинлиги таъкидланган. Мурожаат қилган шахснинг шахсий маълумотлари махфий сақланиши кафолатланади.

Teglar

Mavzuga oid