Darknetда 27 миллион ўзбекистонликнинг маълумотлари сотувга чиқарилиши билан таҳдид қилинмоқда
Safe Road базаси билан боғлиқ воқеадан кўп ўтмай, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари ҳақида яна бир хабар тарқалди. Бу сафар хакерлар давлат идорасининг собиқ базасига кирганини айтиб, далил сифатида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг шахсий маълумотларини эълон қилди
© Getty ImagesДаркнетда Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари сизиб чиққани ҳақида хабар тарқалди. Ўзини BUTTERFLY деб атайдиган хакерлар гуруҳи Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият юритган собиқ Персоналлаштириш агентлигининг маълумотлар базасига кирганини ва 27 миллиондан ортиқ фуқаронинг маълумотларини қўлга киритганини даъво қилмоқда.
Гуруҳ давлат органлари вакилларидан 2026-йил 2-ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 08:00 га қадар улар билан боғланишни талаб қилган. Акс ҳолда, қўлга киритилган маълумотлар базасини очиқ сотувга чиқарилиши айтилмоқда.
Хакерлар ўз даъволарига далил сифатида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг шахсий маълумотларини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил январида миграция ва персоналлаштириш соҳаси Ички ишлар вазирлиги тизимига ўтказилган. Шу сабабли хакерлар тилга олган собиқ Персоналлаштириш агентлиги номини ҳозирги ташкилот номи билан адаштирмаслик лозим.
Рақамли технологиялар вазирлиги
Vaqt.uz ҳолат юзасидан Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот котиби Шерзод Ахмадов билан боғланди.
Вазирлик вакили мазкур ҳолатга баҳо бериш ва киберҳужум содир бўлган ёки бўлмаганини аниқлаш Киберхавфсизлик марказининг ваколатига киришини билдирди.
«Бу масалага Давлат хавфсизлиги хизматининг Киберхавфсизлик маркази бор. Улар ваколатли орган ҳисобланади. Хакерлик ҳужуми бўлганми-йўқми, улардан сўраш мақсадга мувофиқ», — деди Шерзод Ахмадов.
Vaqt.uz Киберхавфсизлик марказидан ҳам ҳолат юзасидан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Бироқ хабар эълон қилингунга қадар марказ расмий муносабат билдирмади.
Бир ҳафтада иккинчиси: аввал Safe Road базаси билан боғлиқ хабарлар тарқалган эди
Бу Ўзбекистонда шахсий маълумотлар сизиб чиққани ҳақидаги сўнгги кунлардаги ягона хабар эмас. Аввалроқ, 1-ноябрь куни Vaqt.uz ижтимоий тармоқларда Safe Road базасига уланган миллионлаб ҳайдовчиларнинг паспорт маълумотлари, фотосуратлари, ЖШШИР рақамлари ва яшаш манзиллари тарқалиб кетгани ҳақида хабар берганди.
Хабарларда ушбу маълумотларни Telegram-ботлар орқали пул эвазига олиш мумкинлиги айтилган. Шунингдек, inDrive, Lada Auto, KiwiTaxi, Fargo, Maktab.uz ва Andalus каби хизматларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган маълумотлар базалари ҳам тарқатилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди. Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази, ИИВ ҳамда Safe Service платформасини ишлаб чиққан ва унинг оператори ҳисобланган AUTODOC МЧЖ масъуллари ҳамкорликда ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Жараёнда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларнинг ҳаққонийлиги, маълумотларнинг келиб чиқиш манбалари ва тарқалиш ҳолатлари текширилмоқда.
Шунингдек, Safe Service платформаси ҳамда бошқа тегишли ахборот тизимлари ва электрон платформаларда шахсга доир маълумотларнинг сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқланмоқда.
Вазирликка кўра, ўрганишлар якунида аниқланган ҳолатлар юзасидан қўшимча расмий ахборот тақдим этилади. Агар маълумотлар тарқалгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмаса, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва манбалари ҳақида ҳам маълумот берилади.





