
Paynet банк секторига кирмоқчи
Тўлов тизимида етакчилардан бири бўлган — Paynet Бошқарув раиси ўринбосари айтишича, компанияда банк секторига кириш бўйича режалар бор.

Ўзбекистондаги энг йирик тўлов ташкилотларидан бири — Paynet банк секторига киришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Paynet Бошқарув раиси ўринбосари Музаффар Комилов «Alter Ego» лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди.
Суҳбат давомида тўлов ташкилотининг фаолияти, «Paynet Xolis» атрофидаги воқеалар, Humo тўлов тизимининг харид қилиниши, 2025 йил якунлари ҳамда келажак режалар муҳокама қилинган.
Унда Музаффар Комилов нима учун Paynet банк секторига киришга қарор қилганини қуйидагича тушунтирган:
«Тўлов ташкилотининг ривожланиш йўлини қарайдиган бўлсак, одатда иккита вариант бор: ёки телеком билан бирлашасиз, ёки банк томон юрасиз. Телеком кўпроқ Африка ва Осиёга хос, банк эса Европа ва бошқа ҳудудлар учун мос. Уларнинг орасида аралаш вариантлар ҳам бор», — дейди Комилов.
Paynet Бошқарув раиси ўринбосари банкларда доимий равишда тўлов ташкилотларига эҳтиёж бўлишини таъкидлаб, финтех компаниялар банклар етиб бормаган жойларни қамраб олиш имкониятига эга эканини қайд этди.
Шу сабабли Paynet ўз банкига эга бўлиши кераклиги, бу борада аниқ режалар мавжудлиги айтилди. Шунингдек, Комилов Paynet ва «Халқ банки» ўртасида узоқ йиллик ҳамкорлик алоқалари борлигини ҳам маълум қилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда 34 та банк фаолият олиб бормоқда. Улардан 9 таси давлат банк ҳисобланади.
2025 йилда банклар сони 36 та эди. Охирги ярим йилда Марказий банк «Евроосиё банки» ва «Янги банк»ни лицензиясини қайтариб олди.
Paynet ҳақида
Paynet кўпчилик томонидан Ўзбекистондаги биринчи финтех компания сифатида эътироф этилади. Компания 2005 йилда Ботир Арифжонов ва унинг шериклари томонидан ташкил этилган.
Кейинчалик компания давлат тасарруфига ўтказилган. Арифжоновнинг маълум қилишича, унга Россиядан 10 млн долларлик таклиф бўлган, бироқ «қўнғироқ қилиб», Paynet’ни давлатга сотиши кераклиги айтилган. Ўшанда асосчилар Paynet’ни давлатга расмий курс бўйича 60 минг долларга «сотишга» мажбур бўлган.
Шундан сўнг «UzPaynet» МЧЖ давлат тасарруфига ўтказилган. 2014 йилдан бошлаб «Халқ банки» компаниянинг асосий эгасига айланган.
2022 йилда Paynet Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилиб, уни хусусийлаштириш режалаштирилгани эълон қилинган. 2024 йилда эса компанияни «New Industrial Technologies» харид қилгани маълум бўлди.
Бу хабарлардан сўнг, 2025 йил бошида Paynet давлатдан Humo тўлов тизимини 65 млн долларга сотиб олди.
Сўнгги маълумотларга кўра, 2025 йилнинг 9 ойида Paynet 1,2 трлн сўм (+54 фоиз) даромад қилган. Компаниянинг соф фойдаси эса 330 млрд сўм (+59 фоиз)ни ташкил этган. Бу тўлов ташкилотлари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Teglar






