add

PayPal, Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда расман ишга тушиши кутилмоқда

Сенат PayPal, Apple Pay ва Google Pay хизматларини ёқиш учун «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларни маъқуллади.

PayPal, Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда расман ишга тушиши кутилмоқда

Ўзбекистонда Apple Pay, Google Pay ва PayPal каби халқаро тўлов тизимлари яқин келажакда расман ишга тушиши мумкин. Бунга уларнинг мамлакат бозорига киришини чеклаб келган «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилаётгани асос бўлмоқда.

Шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар

Амалдаги қонунга мувофиқ, шахсга доир маълумотлар фақат Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт эди. Бу талаб халқаро тўлов тизимлари учун қатор техник ва ҳуқуқий қийинчиликлар туғдириб, уларнинг мамлакат бозорига киришини чеклаб келган. Айниқса, маълумотларни глобал серверларда қайта ишлайдиган компаниялар учун бу меъёр ҳал қилувчи тўсиқ ҳисобланарди.

Қонунга киритилаётган ўзгаришлар ушбу муаммони бартараф этишга қаратилган. Янгиланган нормаларга кўра, шахсий маълумотларнинг барча турлари эмас, балки фақат айрим тоифалари Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт бўлади. Булар қаторига биометрик, генетик ҳамда телекоммуникация хизматларига оид маълумотлар киритилмоқда.

20 январ куни бўлиб ўтган мажлисда Қонунчилик палатаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритиладиган тузатишларни қабул қилди. 5 феврал куни эса Сенат томонидан тасдиқланди. Сенаторлар ушбу ҳужжат электрон тижоратни ривожлантириш, интернет платформаларидан фойдаланишни енгиллаштириш ва фуқаролар учун тўлов хизматларини янада қулай қилишини таъкидламоқда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ҳукумат тизимларидан камида 15 миллион Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари ўғирлангани ва «Dark Web»га жойлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Маълумотларга кўра, сиздирилган базада фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи маълумотлар ва бошқа шахсий ахборотлар бўлиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid