Қирғизистондан наркотик моддалар олиб кирган гуруҳ қўлга олинди
05.09.2025 | 11:302 daqiqa
Андижон вилоятида қирғизистонлик наркосавдогардан 2 кг «гашиш» моддасини олиб кириб, сотишга уринган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди.

Андижонда Қирғизистондан олиб кирилган қарийб 2 килограмм «гашиш»ни сотишга уринган жиноий гуруҳ аниқланган. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Маълумотларга кўра, Қўрғонтепа туманида яшовчи 1984–1991 йилларда туғилган 6 нафар шахс қирғизистонлик наркосавдогар билан келишиб, 2 кг «гашиш» моддасини 15 минг долларга сотиб олишга уринган. Улар дастлаб 1950 долларни бошланғич бадал сифатида топширишган.
Қирғизистон фуқароси наркотик моддани давлат чегарасидан ноқонуний ўтказиб, Хонобод шаҳридаги яширин жойда қолдирган. Кейин эса гуруҳ аъзоларидан бири моддани автомашинасида олиб чиқиш жараёнида қўлга олинган.
Тезкор тадбир чоғида жиноий гуруҳнинг қолган 5 аъзоси ҳам процессуал тартибда ушланган. Экспертизага кўра, топилган «гашиш»нинг соф оғирлиги 1 кг 954 граммни ташкил этган.
Ҳозирда айбланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ҳамда уларга «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.





