Талабалар «Хавфсиз талаба» иловасини ўрнатишга мажбурланаётгани айтилмоқда
Ҳайдовчиларнинг Safe Road базасидаги маълумотлари тарқатилаётгани ва Darknet’да 27 млн ўзбекистонликнинг маълумотлари сотувга чиқарилиши ҳақидаги таҳдидлар совимасдан туриб университетларда «Хавфсиз талаба» иловаси мажбуран ўрнаттирилаётгани, бу талабни бажармаганлар дарсларга киритилмаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Вазирлик муносабат билдирди, иқтисодчи огоҳлантирди.
© vaqt.uzИжтимоий тармоқларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа олий таълим ташкилотларида «Хавфсиз талаба» иловасини ўрнатмаган талабалар дарсларга киритилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга Таълим ва илм-фан вазирлиги матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев муносабат билдирди.
Унинг ёзишича, вазирлик ушбу ҳолатни назоратга олиб, тезкор ўрганиш бўйича кўрсатма берган. Айни пайтда ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини бошлаган.
Вазирлик талабаларнинг таълим олиш ҳуқуқи ва ўқув жараёни узлуксизлиги таъминланиши шартлигини таъкидлади.
Тармоқларда дастлаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари иловани ўрнатмагунча дарсларга киритилмаётгани айтилган видео тарқалди. Шундан сўнг бир қатор ОТМларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилаётгани айтилди. Хусусан:
«Дипломатия университетида ҳар бир талаба қанақадир “apk” иловасини ўрнатишга мажбурланяпти. 2 ҳафтадан бери шу ҳолат, ҳеч тинчлик йўқ, яна қайсидир кун келиб “хавфсиз талаба” деганини ҳам мажбуран ўрнатиб кетишганди», — дея ёзади ЖИДУ талабалардан бири.
Бундан ташқари Тошкент давлат юридик университетида ҳам талабалар билан шундай вазият рўй бераётгани айтилмоқда.
«Мен Тошкент давлат юридик университетида ўқийман. “Хавфсиз талаба” деган иловани бизга ҳам айтишяпти. Лекин ҳозирча мажбурлаш йўқ. Фақат илтимос, ўрнатинглар дейишмоқда», — дея ёзади университет талабаси.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳолатга муносабат билдирар экан, иловани ясаш ва мажбурлаб ўрнаттириш аввалги маъмуриятдан қолган мерос эканини айтди.
«Балки талабаларга нисбатан бошланган бу телба-тескари ишлардан таълимда қаттиқ вертикал ўрнатаётган супервазиримизнинг хабарлари йўқдир. Балки “Хавфсиз талаба” атамиш иловани ясаш ва мажбурлаб ўрнаттириш аввалги маъмуриятдан қолган ёмон меросдир, балки университетлар раҳбариятининг ўзлари шерикчиликдадир? Нима бўлганда ҳам, супервазиримизнинг университетларимизда бўлаётган бундай номаъқул ишларга муносабати жуда муҳим. Умуман олганда эса, турли вазирлик ва идораларнинг шерик ва чўнтаклари билан илова ясаш, маъмурий ресурсларидан фойдаланиб мажбурлаб юклаттириш каби жирканч ва қонунийлиги шубҳа остидаги ишларга чек қўйиш керак. Шу ўринда Антикоррупция агентлиги тақдимномалар тарқатишдан бўшаган вақтда ёқимсиз иси бутун дунёга етаётган “илова ишлари” бўйича ҳеч бўлмаса, ўз муносабатини билдирса бўларди» — дея ёзади у.
У Ўзбекистонда ҳақлари чекланган ёки маълум маънода маъмурий қарам бўлган талабами, фермерми, ўқитувчими ё шифокорми, ўзига мажбурлаб тиқиштирилаётган «ҳимояловчи иловалардан» шахсий маълумотлари шикастланиши ёки бошқа нохуш оқибатлар эҳтимоли юқори бўлиши мумкинлигини билдирди.
«Ўз шахсий маълумотларингизни ўзингиз асранг!» — дея огоҳлантирди иқтисодчи.
Сўнгги кунларда ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотлари тарқалаётгани билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Дастлаб ҳайдовчиларнинг Safe Road базасидаги маълумотлари сизиб чиққани айтилди. Бундан ташқари тармоқларда inDrive, Lada Auto, KiwiTaxi, Fargo, Maktab.uz, Andalus ва бошқа хизматларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган маълумотлар базалари тарқатилаётгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди.
Кейинчалик эса ўзини «BUTTERFLY» деб атайдиган хакерлар гуруҳи Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият юритган собиқ Персоналлаштириш агентлигининг маълумотлар базасига киргани ва 27 миллиондан ортиқ фуқаронинг маълумотларини қўлга киритганини даъво қилди. Хакерлар ўз даъволарига далил сифатида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг шахсий маълумотларини эълон қилган.





