Қурилиш объектлари фақат давлат тилида расмийлаштирилади

24.10.2025 | 12:551 daqiqa

2026 йилдан бошлаб барча турар жой мажмуалари ва қурилиш объектларида номлар, лойиҳалар ва ёзувлар фақат давлат тилида расмийлаштирилади.

Қурилиш объектлари фақат давлат тилида расмийлаштирилади

Ўзбекистон ҳукумати 2025 йил 22 октябрда қабул қилган қарорига кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб қурилиш соҳасида давлат тили қоидаларини мажбурий татбиқ этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Янги талабларга биноан, турар жой мажмуалари ва бошқа қурилиш объектларининг номи, бино паспортлари ва лойиҳалари, шунингдек, пешлавҳа, девор ва тўсиқлардаги барча ёзувлар давлат тилида ёзилиши шарт бўлади. Шу қоидалар реклама ва эълонлар учун ҳам татбиқ этилади.

Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ёки объектни фойдаланишга қабул қилиш учун зарур бўлган ҳужжатлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги ҳудудий инспекцияларга тақдим этилади. Бу жараёнда давлат тилида расмийлаштирилган ҳужжатлар талаб этилади.

Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идораларга бир ой муддат ичида «E-XSUD» ахборот тизими ҳамда экология соҳасидаги рухсатнома бериш тизимларини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг «Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими» ва «Шаффоф қурилиш» платформаси билан тўлиқ интеграция қилиш вазифаси юклатилган.

Мазкур чора давлат тилининг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини мустаҳкамлаш ва қурилиш соҳасида ягона ахборот майдонини шакллантиришга қаратилган.

Teglar

Mavzuga oid