Туркий дунё Туркистонда тўпланмоқда: етакчилар сунъий интеллект ва рақамли келажакни муҳокама қилади
Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг норасмий саммити 2026-йил 15-май куни Қозоғистонда бўлиб ўтади. Асосий эътибор сунъий интеллект, технология ва ҳамкорликнинг янги форматларига қаратилади.
© Prezident matbuot xizmatiТуркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий саммити жорий йил 15-май куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтади. Саммит мавзуси – «Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш». Бу ҳақда ташкилот сайтида маълум қилинди.
Билдирилишича, саммитда ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби иштирок этади. Улар тез суръатларда ривожланаётган рақамли даврда ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилади. Саммитда, шунингдек, Оқсақоллар кенгаши ва туркий ҳамкорлик ташкилотлари ҳам қатнашади.
Кун тартибидаги масалалар
Ташкилот баёнотида айтилишича, норасмий саммит туркий давлатлар ўртасида сунъий интеллект, рақамли инновациялар ва замонавий технологияларнинг ўзгарувчан салоҳиятидан фойдаланиш масалалари бўйича стратегик мулоқотни ривожлантириш учун муҳим майдон бўлади.
Томонлар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.
Расмий дастур доирасида Давлат раҳбарлари кенгаши йиғинидан олдин Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғини ҳам ўтказилади.
ТДТда таъкидланишича, саммитнинг Туркистонда – туркий дунёнинг маънавий пойтахтида ўтказилиши туркий халқларнинг умумий тарихий мероси ва рақамли технологиялар ёрдамида динамик келажак қуришга бўлган умумий интилишини англатади. Кутилишича, саммит туркий давлатлар ўртасидаги бирлик, ҳамжиҳатлик ва самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.





