
Савдо хизматлари ҳажми 187 трлн сўмга етди
2025 йилда Ўзбекистонда савдо хизматлари бозори барқарор ўсишни сақлаб, ҳудудлар кесимида ҳам юқори фаоллик қайд этилди.

2025 йилда Ўзбекистонда савдо хизматлари ҳажми 187 трлн сўмни ташкил этди, дея хабар қилди Миллий статистика қўмитаси. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 13,8 фоизга ошган бўлди.
Ҳудудлардаги кўрсаткичлар
Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, пойтахтда савдо хизматлари ҳажми 68,3 трлн сўмни ташкил этди. Бу республика бўйича умумий кўрсаткичнинг салмоқли қисмини қамраб олади. Тошкент вилоятида мазкур кўрсаткич 17,4 трлн сўмга етган.
Самарқанд вилоятида савдо хизматлари ҳажми 12,8 трлн сўм, Фарғона вилоятида 14,1 трлн сўм, Наманган вилоятида эса 10,6 трлн сўмни ташкил қилди. Қашқадарё ва Андижон вилоятларида мос равишда 10,2 ва 10,3 трлн сўмлик хизматлар кўрсатилган.
Қорақалпоғистон Республикасида савдо хизматлари ҳажми 6,1 трлн сўм, Бухоро вилоятида 9,4 трлн сўм, Сурхондарё вилоятида 9,2 трлн сўм даражасида қайд этилди. Энг паст кўрсаткич Сирдарё вилоятида кузатилиб, у 2,5 трлн сўмни ташкил этган.
Аввалроқ Солиқ қўмитаси 2025 йилда савдо корхоналари томонидан тўланган солиқлар, товар айланмаси ва уларга берилган имтиёзлар ҳақида маълумот берганди.





