
Сенат исломий банк фаолиятига оид қонунни маъқуллади
Ҳужжатга мувофиқ, 2 та кодекс ва 7 та қонунга исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайдиган нормалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Сенати исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қонунни маъқуллади. Ҳужжат банк-молия тизимида исломий молия хизматларини қонуний асосда амалга ошириш имконини яратади ва соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.
Қонунга киритилаётган янги нормалар
Ҳужжутга мувофиқ, икки кодекс ҳамда етти қонунга исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайдиган нормалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартишлар исломий молия тамойилларига мувофиқ хизматлар кўрсатишни қонун даражасида мустаҳкамлайди.
Қонунга кўра, исломий банк фаолияти учун алоҳида лицензия тури жорий этилади. Банклар тўлиқ исломий фаолият юритиши ёки анъанавий хизматлар билан бирга исломий хизматларни ҳам кўрсатиши мумкин бўлади. Шунингдек, Марказий банк ва ушбу фаолиятни амалга оширувчи банкларда Исломий молия кенгашлари ташкил этилади. Ушбу кенгашлар исломий молия тамойилларига риоя этилишини таъминлайди.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар
Исломий молия операцияларининг ўзига хослиги инобатга олиниб, Солиқ кодексига алоҳида боб киритилади. Унга кўра, исломий молиядан олинган даромадлар солиқ мақсадида фоизли даромадларга тенглаштирилади, мижозга сотиладиган товарлардаги устама эса ҚҚСдан озод қилинади.
Сенаторлар ушбу қонун банк-молия соҳасига янги стратегик инвесторларни жалб қилиш, аҳоли ва бизнес учун молиявий хизматлар турини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.





