add

Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея парламенти спикери билан учрашди

Bugun 15:35992 daqiqa

Учрашувда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни парламентлар ҳамкорлиги орқали янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея парламенти спикери билан учрашди

17 декабр куни Ўзбекистон президенти Корея Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари парламентлари раҳбарларининг учинчи учрашувида иштирок этиш учун келган Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери У Вон Шик бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни парламентлар ҳамкорлиги орқали янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, сиёсий ва парламентлараро алоқалар жадал тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ҳамда Кореядан, биринчи навбатда, иқтисодиётни модернизация қилиш ва юқори технологияли саноат тармоқларини ривожлантиришга йўналтирилаётган инвестицияларнинг сони ортиб бормоқда.

Гуманитар ва таълим алмашинувлари кенгаймоқда. Ўзбекистонда Корея етакчи университетларининг тўртта филиали, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларидаги профессионал таълим марказлари муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Таъкидланишича, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва логистика, нодир металлар ва ўта муҳим хомашёни қайта ишлаш, шунингдек, қонун ижодкорлиги фаолиятини рақамлаштириш ва бошқарувда илғор ечимларни жорий этиш бўйича кооперация лойиҳаларини амалга ошириш қўллаб-қувватланди.

Парламентлараро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ҳамда парламентлардаги «дўстлик гуруҳлари» ишини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Бўлажак олий даражадаги, жумладан, «Марказий Осиё – Корея Республикаси» саммити доирасидаги тадбирларнинг кун тартибини пухта тайёрлаш зарурлиги қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid