Тошкент—Андижон йўлининг бир қисмида тезлик чекланади
Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани орқали ўтувчи А-373 автомагистралининг айрим участкаларида ҳаракат тезлиги пасайтирилади.
© autostrada.uzТошкент—Андижон йўналишидаги А-373 халқаро аҳамиятга эга автомагистралнинг Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи 103–131-километрлари оралиғида транспорт воситалари учун максимал тезлик меъёрлари ўзгартиради.
8 июн куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг тегишли қарори қабул қилиниб, мазкур йўл қисмида амалдаги 100 km/hлик тезлик чекловини камайтириш белгиланди. Қарор йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра, М1, М2 ва N1 тоифасидаги енгил ҳамда енгил юк ташувчи транспорт воситалари учун максимал тезлик 80 km/h этиб белгиланади. N2 ва N3 тоифасидаги юк автомобиллари эса мазкур участкаларда 50 km/hдан юқори тезликда ҳаракатлана олмайди.
Янги тартиб Оҳангарон ҳудудидаги учта аҳоли яшаш пунктидан ташқари жойлашган тўртта йўл қисмига татбиқ этилади. Шунингдек, мазкур ҳудудларда «Юқори тезлик чекланган» йўл белгилари ҳамда қўшимча ахборот кўрсаткичларини ўрнатиш режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, тезликнинг пасайтирилиши хавфли участкаларда авариялар сонини камайтириш ва ҳайдовчилар учун хавфсиз ҳаракат муҳитини яратишга хизмат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, йил бошида ҳам Тошкент—Чорвоқ автомобил йўлининг айрим қисмларида тезликни 80 km/hгача чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Ушбу чекловлар Юқори Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманлари ҳудудидан ўтувчи йўл участкаларига нисбатан жорий этилган.





