Logo

«Толибон» БМТ саммитига чақирилди. Лекин Афғонистон номидан қарор қабул қилолмайди

Kecha 23:052 daqiqa

Афғонистоннинг «Толибон» расмийлари БМТнинг иқлим ўзгаришига бағишланган саммитида иккинчи марта кузатувчи сифатида иштирок этади.

«Толибон» БМТ саммитига чақирилди. Лекин Афғонистон номидан қарор қабул қилолмайди © Associated Press

Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг COP31 иқлим саммитига «Толибон» вакиллари кузатувчи мақомида таклиф қилинди. Бу ҳақда AP хабар берди.

2021 йилда ҳокимиятни эгаллаган «Толибон» ҳукумати Россиядан ташқари дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан расман тан олинмаган. БМТ Афғонистоннинг Бош Ассамблеядаги ўрнини «Толибон» вакилларига топширмагани сабабли, улар Анталиядаги музокараларда Афғонистон номидан расмий қарор қабул қилиш ваколатига эга эмас. Бу «Толибон»нинг иқлим саммитларидаги иккинчи иштироки бўлиб, улар аввалроқ 2024 йилда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтган COP29 саммитида ҳам кузатувчи сифатида қатнашган.

Афғонистон иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўраётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда қурғоқчилик, сув танқислиги, жазирама иссиқ ва кутилмаган сув тошқинлари жиддий муаммога айланган. Аҳолининг катта қисми қишлоқ хўжалигига қарам бўлгани учун, сув етишмаслиги тўғридан-тўғри озиқ-овқат ва даромад инқирозини келтириб чиқармоқда.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, 2025 йил апрелидан декабрига қадар иқлим билан боғлиқ муаммолар туфайли 1,6 миллиондан ортиқ афғонистонлик ўз яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган. «Толибон» мазкур саммитда иштирок этиш орқали халқаро иқлим фондларидан Афғонистон учун молиявий ёрдам ундиришни мақсад қилган.

«Толибон»нинг халқаро майдондаги иштироки турли хил эътирозларни келтириб чиқармоқда. Танқидчилар аёлларнинг таълим олиши ва жамиятда иштирок этишини кескин чеклаган ҳукуматни халқаро майдонда легитимлаштиришдан огоҳлантирмоқда.

Собиқ афғон парламентарийси Фавзия Куфий бу борада шундай савол қўйди: «Аҳолининг ярмини, яъни аёлларни жамият ҳаётидан четлаштирган ҳукумат қандай қилиб бутун мамлакат номидан гапириши мумкин?».

Бошқа томондан, Кобулдаги «Samsoor Watan» нодавлат ташкилоти раҳбари Саидмуҳаммад Сулаймонхил ёрдам сиёсий режимга боғланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлаган. «Иқлим ўзгаришининг оқибатларини ҳукумат эмас, оддий афғон халқи бошидан кечиряпти», — дея қайд этди у.

Халқаро ташкилотлар олдида энг мураккаб вазифа бўлиб Афғонистон аҳолисига гуманитар ва иқлим бўйича ёрдам бериш жараёнини «Толибон» ҳукуматини сиёсий тан олишдан ажратиб олиш масаласи қолмоқда. Қурғоқчилик ва табиий офатлар сиёсий тан олинишдан қатъи назар, оддий аҳолининг кундалик ҳаётига таҳдид солмоқда.

Teglar

Mavzuga oid