Тошкентда 6 та ҳоким қарори суд томонидан бекор қилинди
2026 йил биринчи чорагида Тошкент шаҳар маъмурий судлари ҳокимликлар билан боғлиқ 38 та ишни кўриб, 6 та ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топди.
© crypto.runfyers.com2026 йилнинг январ-март ойларида Тошкент шаҳар маъмурий судлари маҳаллий ҳокимликлар билан боғлиқ 38 та ишни кўриб чиқди. Уларнинг 6 тасида ҳоким қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди. Бу ҳақда шаҳар маъмурий суди раиси ўринбосари Акрам Юсупов маълум қилди.
Ҳисобот даврида биринчи инстанция судлари томонидан жами 605 та иш ва ариза кўриб тамомланган, яна 30 та иш материал тартибида кўрилган. Кўриб чиқилган ишлардан 139 таси қаноатлантирилган, 351 таси рад этилган, 64 таси иш юритувидан тугатилган, 51 таси эса кўрмасдан қолдирилган.
Маълум қилинишича, кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,7 фоизга камайган. Шу билан бирга, судлар томонидан 76 та хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, улардан 5 таси асосида мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланган.
Энг кўп шикоятлар
Маъмурий судларда энг кўп шикоятлар давлат солиқ органлари, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, маҳаллий ҳокимликлар, Мажбурий ижро бюроси ва Қурилиш вазирлиги мансабдор шахсларининг ҳаракатлари юзасидан келиб тушган.
Хусусан, солиқ органларига нисбатан 125 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 23 таси қаноатлантирилган, 79 таси рад этилган. Натижада 15 та солиқ органи қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Шунингдек, бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига оид 55 та иш кўрилган. Уларнинг 23 таси қаноатлантирилган, 19 таси рад этилган. Мажбурий ижро бюроси билан боғлиқ 118 та ишдан 20 таси қаноатлантирилган, 71 таси рад этилган.
Апелляция ва кассация инстанциялари кўриб чиқилган ишлар
Апелляция ва кассация инстанцияларида 257 та иш кўриб чиқилиб, уларнинг 206 тасида суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 43 таси бекор қилинган. Тафтиш инстанциясида эса 104 та иш кўрилган бўлиб, 91 таси ўзгаришсиз қолган.
Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда турли идоралар орқали судга 175 та мурожаат келиб тушган ва барчасига ёзма жавоб берилган. Шунингдек, суд раҳбарияти томонидан 35 та мурожаат қабул қилиниб, фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.





