Тошкентда «ақлли бекатлар» жорий этилади

Bugun 14:152 daqiqa

Янги бекатлар хавфсизлик, қулайлик ва рақамли хизматларни бирлаштирган ҳолда жамоат транспортини янги босқичга олиб чиқади.

Тошкентда «ақлли бекатлар» жорий этилади

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти инфратузилмасини модернизация қилиш доирасида «ақлли бекатлар»ни ўрнатиш ишлари яқин кунларда бошланади. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилди. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — аҳоли учун хавфсиз ва қулай транспорт муҳитини яратиш.

«Ақлли бекатлар»даги қулайликлар

Янги бекатлар замонавий технологиялар билан жиҳозланиб, уларда хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ҳар бир бекатга марказлашган кузатув тизимига уланган иккита видеокамера ўрнатилади. Шунингдек, фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун махсус SOS тугмаси жорий этилади.

Бундан ташқари, имконияти чекланган шахслар учун алоҳида кутиш жойлари ташкил этилиши режалаштирилган. Бу эса жамоат транспортидан фойдаланишни янада инклюзив ва барча учун қулай қилади.

«Ақлли бекатлар»да рақамли хизматлар ҳам йўлга қўйилади. Жумладан, автобуслар ҳаракати ҳақида маълумот берувчи электрон мониторлар ўрнатилади. Шу билан бирга, тезкор харидлар учун вендинг қурилмалари ҳам жойлаштирилади.

Ҳозирча ушбу бекатлар қайси ҳудудларда ўрнатилиши аниқ эмас. Масъул идоралар бу ҳақдаги батафсил маълумотларни яқин вақт ичида эълон қилишини билдирган.

Маълумот учун, мазкур ташаббус пойтахтда эълон қилинган «Долзарб 90 кунлик» дастури доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу дастур йўл инфратузилмасини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш ва транспорт тизимини комплекс равишда ривожлантиришга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда жамоат транспорти бекатлари ҳудудида жойлашган барча савдо объектларини босқичма-босқич олиб ташлаш режалаштирилмоқда. Пойтахт маъмурияти маълумотига кўра, текширувлар натижасида бекат мажмуаларида жами 110 та савдо объекти фаолият юритиб келаётгани аниқланган.

Маълум қилинишича, 110 та савдо нуқтасидан 61 таси бекат мажмуаси ҳудудидан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган эди.

Teglar

Mavzuga oid