add

Туман сабаб учта аэропорт фаолияти вақтинча чекланди

Bugun 12:354992 daqiqa

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли айрим рейслар захира аэропортларига йўналтирилди.

Туман сабаб учта аэропорт фаолияти вақтинча чекланди

Туман сабабли Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида авиақатновлар вақтинча чекланди. Хусусан, Бухоро, Урганч ва Термиз аэропортларида ҳаво шароитининг кескин ёмонлашиши оқибатида тунги ва эрталабки бир нечта рейсларни қабул қилиш имкони бўлмади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, кўриш масофасининг кескин пасайиши сабаб айрим рейслар хавфсизлик талабларидан келиб чиққан ҳолда захира аэропортларига йўналтирилган. Энг кўп рейслар Самарқанд ва Нукус аэропортларида қўнган.

Самарқанд аэропортига Москвадан Бухорога йўналган HY9608 рейси соат 3:27 да, Санкт-Петербургдан Урганчга учган HY9638 рейси соат 6:17 да қўнди. Шунингдек, Москва—Термиз йўналишидаги А47055 рейси соат 6:03 да, Москва—Бухоро рейси SU1876 эса соат 6:36 да Самарқандда қабул қилинди.

Нукус аэропортига эса Тошкент—Урганч йўналишидаги C689 рейси соат 10:03 да, HY51 рейси эса соат 10:37 да қўнди. Барча рейслар ҳаво ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда қабул қилингани қайд этилди.

Бундан ташқари, Истанбулдан Наманганга учаётган C6317 рейси парвоз вақтида йўловчилардан бирининг соғлиги ёмонлашгани сабабли Самарқанд аэропортига йўналтирилди. Ушбу рейс маҳаллий вақт билан соат 5:53 да муваффақиятли қўнди ва йўловчига зарур тиббий ёрдам кўрсатилди.

Урганч аэропортида ҳам ноқулай об-ҳаво шароити туфайли, «Centrum Air» авиакомпаниясининг Тошкент - Урганч йўналишидаги C689, шунингдек, «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг Тошкент - Урганч йўналишидаги HY51 рейслари экипажлари Нукусдаги муқобил аэродромга йўналишга қарор қилган.

Аэропортлар фаолияти об-ҳаво шароити яхшиланиши билан босқичма-босқич тикланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 24 декабр куни ҳаво ҳарорати +12 даража илиқ бўлиб, айрим жойларда туман тушиши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid