
Уй олиш хавфсизлиги: улушли қурилишда янги қоидалар таклиф қилинди
Ўзбекистонда улушли қурилиш тартиби қайта кўриб чиқилиб, қурилиш кечикиши ва маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши хавфларини камайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ўзбекистонда уй-жойни қурилиш жараёнида улуш асосида сотиш тартиби ўзгартирилиши мумкин. Қонун лойиҳаси улушли қурилишдаги хавф-хатарларни камайтириш ва улушдорлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган.
Бозорда кўпчилик учун асосий муаммо қурилиш муддатларининг кечикиши, лойиҳанинг тўхтап қолиши ёки тўланган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши ҳисобланади. Шу боис, янги тартиблар орқали «уй оламан» деб тўлов қилган фуқароларнинг ҳуқуқлари биринчи ўринга қўйилади.
Қонун лойиҳаси девелоперлар учун қўшимча талаб ва чекловлар жорий этишни, улушдорларнинг маблағлари мақсадли сарфланиши ҳамда ҳуқуқий кафолатлар орқали ҳимоя қилиниши механизмларини ўз ичига олади. Бу улушли қурилиш бозорида профессионал ва молиявий барқарор девелоперларнинг улушини оширишга ҳам хизмат қилади.
Жамоатчилик қонун лойиҳаси билан танишиб, ўз таклиф ва эътирозларини белгиланган тартибда тақдим этиши мумкин. Бу жараён орқали янги тартиблар амалда қонуний ва шаффоф йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 июлдан бошлаб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан инсон омили иштирокисиз, рақамлаштирилган янги Эскроу тизими амалиётга босқичма-босқич жорий этиш бошланди. Аниқроқ айтганда, тизим мижоз пулини ҳимоялайди ва ишонч кафолатланади. Энди ушбу тизим орқали хонадон харид қилаётган фуқаролар кўчаларда сарсон бўлмайди.
Уйда туриб ҳам Ўзбекистоннинг қаерида қайси компания томнидан неча қаватли уй қурилаётганини кузатишлари мумкин бўлади. Тизимда қурилиш ташкилоти раҳбари, лойиҳа муаллифи, қурилиш объектининг паспорти, эскизи ва жойлашуви киритилган. Биргина QR код орқали бу амалларни бошлаш мумкин бўлади.





