add

Янги йил муносабати билан байрам мукофотини бериш мажбурийми?

Мазкур масала юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва Бандлик вазирлиги тушунтириш берди.

Янги йил муносабати билан байрам мукофотини бериш мажбурийми?

Ўзбекистонда Янги йил ёки бошқа байрамлар муносабати билан ходимларга мукофот тўлаш масаласи иш берувчи учун ҳар доим ҳам мажбурий ҳисобланмайди. Бу тартиб амалдаги меҳнат қонунчилиги ва ташкилотнинг ички ҳужжатлари билан белгиланади, дея тушунтириш берди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 252-модда сига мувофиқ, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни жорий этиш, уларнинг миқдори ҳамда тўлаш шартлари иш берувчи томонидан белгиланади. Бу нормалар жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидалари ёки алоҳида буйруқ орқали расмийлаштирилиши лозим.

Агар ташкилотнинг ички ҳужжатларида барча ёки муайян тоифадаги ходимларга байрам муносабати билан мукофот бериш мажбурияти аниқ белгилаб қўйилган бўлса, иш берувчи уни бажариши шарт. Акс ҳолда, мукофот тўланмаслиги меҳнат ҳақи бўйича қарздорлик сифатида баҳоланиши ва меҳнат қонунчилиги бузилишига олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, агар ички ҳужжатларда байрам мукофоти ҳақида ҳеч қандай мажбурият назарда тутилмаган бўлса, бундай тўлов ихтиёрий ҳисобланади. Яъни иш берувчи ходимларни рағбатлантириш ёки рағбатлантирмасликни ўз хоҳишига кўра ҳал қилади.

Мукофотлаш жараёнида камситишга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланади. Меҳнат кодексининг 4-моддасига кўра, жинс, ёш, миллат, ижтимоий келиб чиқиш, лавозим ёки меҳнат натижаларига алоқаси бўлмаган бошқа белгилар асосида ходимларни фарқлаш камситиш ҳисобланади. Агар мукофот белгиланса, у адолатли ва аниқ мезонлар асосида тақсимланиши керак.

Қонунчиликда байрам мукофотини тўлаш учун аниқ муддат белгиланмаган. Шу боис иш берувчи уни байрамдан олдин ҳам, байрамдан кейин ҳам тўлаши мумкин. Асосий талаб — белгиланган шартларга риоя қилиниши.

Бюджет ташкилотларида эса мукофотлаш масаласи алоҳида тартибга солинади. Бундай ташкилотларда рағбатлантирувчи тўловлар фақат қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар ва ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонликлар янги йил байрами муносабати билан кетма-кет 5 кун дам олиши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid