Исроилда ўзбекистонлик эркак ҳибсга олинди

05.03.2026 | 16:433 дақиқа

У сиреналар янграган пайтда видео олиб, ижтимоий тармоқда эълон қилган. Ўзбекистон элчихонаси мазкур масала билан шуғулланяпти.



Раката ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янграган пайтда видео олиб, ижтимоий тармоқда эълон қилган Исроилда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Ҳолат акс этган жараён ҳам тармоқларда тарқалди.

Ўзбекистоннинг Тел Авивдаги элчихонасининг маълум қилишича, 2026-йил 28-феврал куни Ўзбекистон фуқароси Н.Х. ракета ҳужуми ва сиреналар янграган пайтда «TikTok» ижтимоий тармоғида видео жойлаштирган. Ушбу видеода ножоиз сўзлар айтилгани акс этган бўлиб, видеотасвирлар кейинчалик Исроил ижтимоий тармоқлар сегментида ҳам кенг тарқалган ва маҳаллий жамоатчилик орасида катта норозиликка сабаб бўлган. Шундан сўнг Исроил фуқароси А.Х. мазкур ҳолат юзасидан полиция органларига мурожаат қилган.

Билдирилишича, вазиятдан хабардор бўлиши биланоқ элчихонанинг Консуллик бўлими томонидан Ўзбекистон фуқароси Н.Х. билан тезкор тарзда боғланилиб, у билан тегишли суҳбат ўтказилган. Шунингдек, Исроил фуқароси А.Х. билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилган.

«Айни пайтда Ўзбекистон фуқароси Н.Х. хавфсиз шароитда бўлиб ва мазкур масала элчихонанинг Консуллик бўлими назоратида турибди», – дейилади.

Шу муносабат билан, Исроил давлатида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан қуйидагиларни сўралди:

- маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш;

- ўз хатти-ҳаракатларида эҳтиёткор бўлиш ҳамда турли провокациялардан тийилиш;

- ракета ҳужумлари пайтида Исроил Фронт орти қўмондонлиги томонидан бериладиган барча хавфсизлик тавсияларини сўзсиз бажариш.

Видеода эркак нима деганди?

Видеода ўзбекистонлик эркак «Мана ҳеч ким қолмади, каламушлар қочиб кетди. Ҳеч ким йўқ», деб айтган.

Хабарларга кўра, бу тасвирлар тармоқларда тез тарқалиб, кўплаб исроилликларнинг кескин норозилигига сабаб бўлгач, эркакни бухоролик санъаткор кўчада таниб қолиб, ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган ва кўп ўтмай полиция етиб келиб, эркакни сўроқ қилиш учун ҳибсга олган.

Ўзбекистонлик эркак бу айбловни рад этиб, видео ўзининг танишларига қаратилганини айтган. Унинг айтишича, огоҳлантириш пайтида танишлари уни ёлғиз қолдириб, бомбапаноҳга қочгани учун шу видеони ҳазил тариқасида олган ва видеонинг бу қадар кенг тарқалишини кутмаган.

Исроилдан Ўзбекистонга қайтиш йўли

28-феврал куни Исроил ва унинг атрофида хавфсизлик вазияти кескинлашгани муносабати билан, Ўзбекистон элчихонаси Исроил ҳудудида бўлиб турган фуқароларни хотиржамлик ва ҳушёрликни сақлашга чақирган. Фуқароларнинг Исроил ҳудудини вақтинча тарк этиш истаги бўлган тақдирда, Исроил томонидан олинган маълумотларга мувофиқ, элчихона томонидан

Исроил–Миср чегарасидаги «Бегин» («Таба») чегара пункти орқали (24 соат давомида ишламоқда) чиқиш таклиф қилинган. Амалдаги ҳужжатларга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун Синай яриморолига киришда виза талаб этилмайди. “Таба"дан Шарм аш-Шайхгача (270 км) автобус ёки автомобилларда ҳаракатланиш имконияти мавжуд. Шарм аш-Шайх аэропортидан авиақатнов орқали Ўзбекистонга етиб олиш мумкин.

Чегара йиғимларини ортиқча кечикишларнинг олдини олиш мақсадида тўловни олдиндан онлайн тўлаш тавсия этилади. Қолган қуруқликдаги чегара ўтиш пунктлари хавфсизлик учун тавсия этилмайди.

Исроил–Миср чегараларидаги пунктлар иш режимида ўзгаришлар бўлиши мумкин. Сафарни режалаштиришдан олдин долзарб маълумотларни аниқлаш тавсия этилади.

Теглар

Мавзуга оид

Исроилда ўзбекистонлик эркак ҳибсга олинди | Vaqt.uz