АҚШ ва Эрон урушни тугатиш бўйича келишув имзолади: Ҳўрмуз бўғози очилади
Келишувнинг тақдири музокаралардаги асосий тўсиқлардан бири бўлган Ливандаги воқеаларга ҳам боғлиқ бўлиб турибди.

АҚШ ва Эрон ўртасида урушни тугатиш бўйича ўзаро келишувга эришилди. Бу ҳақда АҚШ расмийлари маълум қилди. Ўзаро англашув меморандуми АҚШ президенти Доналд Трамп, вице-президент Жей Ди Венс ва Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф томонидан имзолангани билдирилди. Шартноманинг тўлиқ матни жума куни бўлиб ўтадиган расмий имзолаш маросимидан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда.
Келишувга мувофиқ, Ҳўрмуз бўғози зудлик билан очилади ва АҚШнинг Эронга нисбатан денгиз қамали бекор қилинади. Оташкесим режими 60 кунлик музокаралар даврига узайтирилади ва мазкур муддат ичида Эроннинг ядро дастури келажаги каби асосий баҳсли масалалар ҳал этилади.
Франциянинг Эвиан-ле-Бен шаҳрида G7 саммити олдидан президент Эммануел Макрон билан учрашган Доналд Трамп келишув тўлиқ имзоланганини ва Эрон ядро қуролига эга бўлмаслигини маълум қилди.
Шунингдек, у нефт нархлари тушаётганини, Эрон ўз мажбуриятларини бажармагунича санкциялар юмшатилмаслигини, Ҳўрмуз бўғози эса қисман очилгани ва жума куни тўлиқ очилишини таъкидлади.
АҚШ қўшинлари Яқин Шарқда қолади
АҚШ ҳозирча Яқин Шарқдаги ҳарбий кучларини олиб чиқмайди. Бу ҳақда АҚШнинг юқори мартабали мулозими журналистларга берган брифингда маълум қилди.
Унга кўра, музокаралар давомида минтақадаги ҳарбий кучларнинг жорий ҳолати сақлаб қолинади. Қўшинларни қисқартириш фақат якуний шартномага эришилганидан ва Эрон ўз ваъдаларини бажариб, ядровий дастури бўйича ён босганидан сўнггина кўриб чиқилади.
Келишувнинг тақдири музокаралардаги асосий тўсиқлардан бири бўлган Ливандаги воқеаларга ҳам боғлиқ бўлиб турибди. Исроил Ливаннинг ўзи босиб олган ҳудудларидан чекинмаслигини ва агар Ливандаги вазият туфайли Эрон унга ҳужум қилса, жавоб қайтаришини билдирди.
Ўз навбатида, Ҳизбуллоҳ АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишувни олқишлади, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса Исроилнинг Ливанга ҳужумлари тўлиқ тўхтатилиши шартлигини таъкидлади.





