Ўзбекистонда 500 долларгача валютани паспортсиз сотиб олишга рухсат берилиши мумкин

Бугун 19:372 дақиқа

Шунингдек, банк мижозларини идентификация қилишда нафақат паспортнинг асли, балки унинг электрон шакли ҳам тан олиниши мумкин.

Ўзбекистонда 500 долларгача валютани паспортсиз сотиб олишга рухсат берилиши мумкин

Тижорат банкларидан 500 долларгача нақд валютани паспортсиз сотиб олиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида келтирилган.

Қонунчиликка киритилиши режалаштирилаётган ўзгаришлар билан, жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасини сотиб олишда шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этиладиган 100 АҚШ доллари лимити 500 АҚШ долларигача оширилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, идентификациясиз амалга ошириладиган бошқа бир марталик операциялар чегараси ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача (175 млн сўм) этиб белгиланиши мумкин.

Лойиҳага кўра, банк мижозларини идентификация қилишда нафақат паспортнинг асли, балки унинг электрон шакли (Ягона портал ёки «Ижтимий карта» иловаси орқали) ҳам тан олинади. Бундан ташқари, ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намунаси ҳам шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилинади.

Айримлар учун назорат кучаяди?

Енгилликлар билан бирга, айрим йўналишларда назорат механизмлари ҳам аниқлаштирилмоқда:

• 16 ёшга тўлмаганларнинг ҳисобварақларидан икки кун ичида БҲМнинг 40 бараваридан (14 млн сўмдан) ортиқ маблағ айланса, бу шубҳали операция деб топилади.

• Юқори хавфли давлатлар: ФАТФ (FATF) рўйхатидаги «қора» ва «кулранг» рўйхатга кирган давлатлардан 30 кун ичида БҲМнинг 1000 бараваридан ортиқ пул келса ёки юборилса, алоҳида назоратга олинади.

• Бир ой давомида картага 1000 БҲМ миқдорида пул тушиши ҳам мониторинг қилинади (кўчмас мулк ва машина олди-сотдиси бундан мустасно).

Ҳужжат ҳозирча лойиҳа босқичида бўлиб, 2026-йилнинг 4-апрелига қадар жамоатчилик муҳокамасидан ўтади.

Мавзуга оид