Украина демографик инқирозда аксилетакчига айланди

Бугун 11:553 дақиқа

Сўнгги 25 йилда глобал демографик тенденциялар дунёни икки қарама-қарши лагерга ажратди: айрим давлатлар аҳолисини кескин ошираётган бўлса, бошқаларида камайиш кучаймоқда. Ўзбекистон эса ўрта позицияни эгаллаган.

Украина демографик инқирозда аксилетакчига айланди © Maxiphoto / iStock / Getty Images

Сўнгги йигирма беш йилда глобал демографик тенденциялар дунёни икки лагерга ажратди. Айрим давлатлар миграция ва юқори туғилиш даражаси ҳисобидан инсон капиталини бир неча баравар ошираётган бўлса, сайёрадаги қарийб ҳар еттинчи мамлакат аҳоли сони камайишини қайд этмоқда. Бу жараёнда мутлақ антилидер сифатида Украина намоён бўлди, у аҳоли сони қисқариши суръатлари бўйича дунёда сўнгги ўринни эгаллади. Бу ҳақда 6-апрел куни «Visual Capitalist» хабар берди.

Аномал ўсиш

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2000-2025-йиллар оралиғида жаҳон аҳолиси ўртача 46,6 фоизга ошган. Бироқ бу ўсиш жуда нотекис тақсимланган. Асосий демографик бумни йирик иқтисодиётлар эмас, балки Форс кўрфази мамлакатлари ва Саҳройи Кабирдан жанубдаги Африка давлатларининг тор доираси таъминламоқда.

Шубҳасиз етакчи – Қатар(1-ўрин) бўлиб, унинг аҳолиси мислсиз даражада – 423,4 фоизга ошган. Бу ўсиш, асосан, энергетика сектори ва инфратузилмани ривожлантириш учун чет эл ишчи кучини оммавий жалб қилиш натижасидир. Қўшни нефт монархиялари ҳам шунга ўхшаш юқори ўсиш суръатларини намоён этмоқда:

Бирлашган Араб Амирликлари: +249,7 фоиз (2-ўрин)

Баҳрайн: +153,9 фоиз (5-ўрин)

Кувайт: +139,1 фоиз (8-ўрин)

Уммон: +129,1 фоиз (9-ўрин)

Саудия Арабистони: +98,5 фоиз

1

Яқин Шарқдан ташқари, етакчилар ўнлигида тарихан ёш аҳолига эга бўлган Африка давлатлари устунлик қилади:

Экваториал Гвинея: +166,6 фоиз (3-ўрин)

Нигер: +157,0 фоиз (4-ўрин)

Ангола: +139,7 фоиз (7-ўрин)

Чад: +126,9 фоиз (10-ўрин)

Шунингдек, Папуа Янги Гвенеяси ҳам етакчилар қаторига кириб, аҳолиси 149,6 фоизга ошган (6-ўрин).

Ўзбекистон кўрсаткичлари қандай?

Ўзбекистон рейтингда 59-ўринда келтирилган. Унинг аҳолиси 200-2025-йиллар орасида 54 фоизга ошган.

2026-йилнинг 1-январ ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 236 704 кишини ташкил этган. Доимий аҳоли сони мустақиллик йилларида 17,6 миллионга ёки 85,6 фоизга кўпайган.

2

Аҳоли Ўзбекистон қўшниларида – Тожикистонда 66,7 фоиз, Қирғизистонда 48,2 фоиз, Туркманистонда 42,5 фоиз, Қозоғистонда 36,9 фоиз ошган.

Шарқий Европа ва Украина – депопуляция эпимарказида

Қарама-қарши қутбда аҳолиси оммавий тарзда кўчиб кетаётган ёки туғилиш даражаси кескин пасаяётган мамлакатлар жойлашган. 183 та таҳлил қилинган давлат орасида энг катта пасайиш Украинада қайд этилди – аҳоли 32,5 фоизга камайган (рейтингда 183-ўрин). Ундан кейин Маршалл ороллари жойлашган бўлиб, у ерда камайиш 29,4 фоизни ташкил этган (182-ўрин).

Умуман олганда, Шарқий Европа ва Болтиқбўйи давлатлари глобал депопуляция эпимарказига айланган. Минтақанинг Европа Иттифоқига интеграцияси ўз вақтида Ғарбга қонуний миграция учун чегараларни очиб берди ва бу аҳолиси аллақачон қариб бораётган давлатлардан кадрлар оқимининг янада кучайишига олиб келди.

Қўшни давлатлар бўйича статистика қуйидагича:

Болгария: −23,2 фоиз (181-ўрин)

Латвия: −21,6 фоиз

Молдова: −18,8 фоиз

Литва: −17,5 фоиз

Руминия: −16,1 фоиз

Жаҳон гегемонларида сўнган ўсиш динамикаси

Ривожланган йирик иқтисодиётлар анча камтарона ўсиш кўрсаткичларини намоён этмоқда. Катта мамлакатлар орасида энг яхши натижани Ҳиндистон кўрсатди, унинг аҳолиси 38,4 фоизга ошган. АҚШда ўсиш 21,0 фоизни, Бразилияда 22,1 фоизни ташкил этди, Хитой эса бор-йўғи 10,9 фоизлик ўсиш билан чекланди.

Пухта ва жозибадор иммиграция сиёсатига эга давлатлар барқарор ривожланишни таъминлаган: Канада аҳолиси 35,6 фоизга, Австралияники эса 44,9 фоизга ошган.

Осиёда эса вазият анча пессимистик: Жанубий Корея атиги 9,9 фоиз ўсишга эриша олган (бу жаҳон ўртача кўрсаткичидан анча паст), Япония эса аллақачон барқарор камайиш босқичига ўтиб, аҳолисининг 2,8 фоизини йўқотган.

Теглар

Мавзуга оид