Марказий осиёлик жангарилар ва «ИШИД-Хуросон»: Минтақа учун жиддий таҳдид ? | Fikr vaqti

Афғонистон чегарасида 20 минг жангари тўплангани ростми ёки бу Москванинг навбатдаги геосиёсий ваҳимаси? «ИШИД-Хуросон» ҳақиқатан ҳам Марказий Осиёга таҳдид соляптими? «Fikr vaqti»да сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Жаҳонгир Акрамов билан таҳлилий суҳбат.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хавфсизлик хизматлари йиллардирки Афғонистон орқали Марказий Осиёга нисбатан катта таҳдид мавжудлиги, чегаралар яқинида ўн минглаб жангарилар тўпланаётгани ҳақидаги ҳисоботларни эълон қилиб келади.
 
«Афғонистонда ўн минглаб террорчи йиғиляпти, чегарангиз яқинида хавф бор, огоҳ бўлинг!» — деган мазмундаги огоҳлантиришлар бу ҳисоботларнинг бош мавзусига айланган.
 
Ушбу баёнотлар ортидан расмий доираларнинг учрашувлари ва хавфсизлик тузилмаларининг қўшма йиғинлари чақирилиши одатий ҳол. Аммо, бу рақамларнинг ҳаммаси ҳам воқеликка тўғри келавермайди. Улар одатда бўрттирилган бўлиб, кўпинча Москванинг Марказий Осиёда ваҳима муҳитини ушлаб туриш ва минтақадаги сиёсий таъсир ричагларини сақлаб қолиш мақсадини кўзлаши сир эмас.
 
Шу кунларда Россия ТИВ навбатдаги баёнот билан чиқди: унга кўра, Афғонистонда 20 мингдан ортиқ жангари тўпланган, уларнинг минглаб нафари Суриядан кўчиб ўтган ўзбек ва тожиклардир. Ҳисоботда ушбу кучларнинг асосий мақсади Марказий Осиё йўналишида кенгайиш экани иддао қилинади.
 
Тўғри, бу статистика муболаға бўлиши мумкин, бироқ сўнгги пайтларда БМТ ва мустақил разведка идоралари ҳам Суриядаги жангариларнинг Афғонистонга сизиб кираётгани ҳамда «ИШИД» тармоқларига қўшилаётгани борасида бонг урмоқда. Демак, Яқин Шарқ ва Афғонистон ўртасида ҳақиқатан ҳам хавфли логистик занжир ишламоқда.
 
Хўш, бу жараёнлар ортида аслида нима ётибди? Бугун Сурия ва Афғонистондаги реал ҳарбий-сиёсий вазият қандай? Остонамизда чиндан ҳам янги хавф ўчоғи шаклланяптими? «Fikr vaqti» дастурининг навбатдаги сонида шу ва бошқа муҳим саволларни сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ҳамда Жаҳонгир Акрамов билан биргаликда таҳлил қилдик.

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 91

Barchasi

Mavzuga oid