«Биз бу кунларни 34 йил кутдик» - Шавкат Мирзиёев футболчилар билан учрашди
Учрашув давомида давлат раҳбари Ўзбекистон миллий терма жамоасини АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмаси билан табриклади.
© Foto: president.uzБугун, 22 май куни Президент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида давлат раҳбари футболчиларни АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмаси билан табриклади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Президент ўзининг нутқида миллий терма жамоанинг муваффақияти тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади:
“Биз бу кунларни бутун халқимиз, футбол ишқибозлари билан 34 йил кутдик. Шу маънода, футболчиларимизни Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очган задонамиз қаҳрамонлари деб айтсак арзийди. Чунки улар ҳар бир ўйинга юқори тайёргарлик кўриб, юксак масъулият, ватанпарварлик руҳи билан фақат ғалаба учун майдонга тушди. Халқимизга олам-олам қувонч бағишлади”, - деди Ўзбекистон етакчиси.
Шавкат Мирзиёев терма жамоанинг мундиал йўлланмасини қўлга киритиш жараёнидаги ҳиссиётлари билан ҳам ўртоқлашди:
«Тўғрисини айтсам, мундиал йўлланмаси қўлга киритилган куни кўзимга уйқу келмади. Барча юртдошларимиз каби мен ҳам ич-ичимдан қувондим, байрам қилдим», - деди у.
Учрашувда Президент футболчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда мураббийлар штабига миннатдорлик билдирди:
«Фурсатдан фойдаланиб, майдонда жасорат ва маҳорат кўрсатган футболчиларимизга, уларни тарбиялаб, вояга етказган ота-оналари, устоз ва мураббийларига ташаккур изҳор этаман», - дея таъкидлади давлат раҳбари.
Жаҳон чемпионати йўлланмаси
Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олди. Бу натижа 2025 йил 5 июнь куни БАА терма жамоасига қарши кечган ўйинда (0:0 ҳисобидаги дуранг) расман кафолатланган. Турнир 2026 йил 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда Колумбия ва Португалия терма жамоалари билан куч синашади. Учинчи турда рақиб Конго, Ямайка ёки Янги Каледония терма жамоаларидан бири бўлади. Жаҳон чемпионати арафасида, 2026 йил июн ойида Ўзбекистон терма жамоаси Канада ва Нидерландия терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиши режалаштирилган (Нидерландия билан баҳс 8 июнь куни Нью-Йоркда бўлади). 2026 йилги мундиал вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоаси АҚШнинг Атланта шаҳрида жойлашади.
2025 йилги муваффақиятли саралаш ўйинларидан сўнг, давлат раҳбари футболчилар, мураббийлар ва жамоа ходимларини давлат мукофотлари ҳамда BYD автомобиллари билан тақдирлаган эди.





