Бухорода ССБ раҳбари пора билан ушланди

Bugun 11:252 daqiqa

Бухоро вилоятида туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари 11,8 минг доллар пора олиш ва мукофот пулларини ўзлаштиришда гумонланмоқда.

Бухорода ССБ раҳбари пора билан ушланди © DXX matbuot xizmati

Бухоро вилоятидаги туманлардан бирида соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари бюджет маблағларини ўзлаштириш ва тадбиркордан ноқонуний пул талаб қилишда гумонланмоқда. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Бухоро вилоятидаги туманлардан бирининг соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда дори-дармон ва тиббий буюмлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ ўртасида 1 млрд 2 млн сўмлик шартнома тузилиб, тиббий буюмлар харид қилинган. 

Дастлаб, умумий сумманинг 30 фоизи МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Аммо, туман соғлиқни сақлаш бўлими мудири қолган 70 фоиз маблағни кўчириб бериш ҳамда келгусидаги харидларни ҳам ушбу МЧЖ орқали амалга ошириш эвазига юқоридаги шартномада кўрсатилган маҳсулотлар умумий қийматининг 15 фоизини, яъни 150 млн сўм миқдорида «улуш» талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс сўралган пул маблағи ҳисобидан 11800 АҚШ долларини ўзининг турмуш ўртоғи орқали олган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, у жорий йилда тумандаги оилавий поликлиникалар ходимлари учун ярмини қайтариш шарти билан жами 448 млн сўм миқдорида рағбатлантириш маблағлари ажратиб, ушбу сумманинг 92 млн сўм қисмини қайта йиғиб олганлиги ҳам аниқланган.

Ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «б», «в» бандлари ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «г» банди билан, МЧЖ вакилига эса 211-модданинг (пора бериш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid