Шавкат Мирзиёев футболчиларга: «ўйинларда ортиқча босимсиз, ҳеч кимдан ҳайиқмасдан ўйнанг»
Давлат раҳбари Ўзбекистон миллий терма жамоасини Жаҳон чемпионатига кузатиш маросимида иштирок этди.
© Foto: president.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан учрашиб, АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида ўтадиган Жаҳон чемпионати олдидан футболчиларни табриклади ва уларни нуфузли мусобақага кузатди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашув якунида Президент миллий терма жамоа аъзоларига руҳий далда бериб, уларни масъулиятли ўйинлар олдидан қўллаб-қувватлади.
«Жаҳон чемпионатида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Сизлар Португалия, Колумбия, Конго каби терма жамоалар билан ўйнайсизлар. Лекин бир нарсани доимо ёдда тутинг: сизлар тарихни аллақачон яратиб бўлдингиз! Ўйинларда ортиқча босимсиз, ҳеч кимдан ҳайиқмасдан, борингизни бериб ўйнанг. Ҳар бир тўп, майдоннинг ҳар бир қаричи учун охиригача курашинг!», - деди давлат раҳбари.
Президент 40 миллионга яқин Ўзбекистон халқи терма жамоанинг мундиалдаги ҳар бир ҳаракатини катта ҳаяжон билан кузатишини таъкидлаб ўтди.
«Эл-юртимиз сизларга ишонади, Президент сизларга ишонади! Боринглар, мардонавор ўйнанглар, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилинглар! Ғалаба ва омад ҳамиша ёр бўлсин!», - деди Шавкат Мирзиёев.





