Ўзбекистонда аҳоли энг кўп коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда
Апрель ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этган бўлса-да, коммунал хизматлар ҳамда ёқилғи-энергия нархларининг қимматлашишига оид хавотирлар сақланиб қолмоқда.
© rv-news.ru2026 йил апрель ойида аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари 10,6 фоизни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,4 фоиз бандга пасайди. Тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари эса аҳолиникидан кўпроқ, 0,7 фоиз бандга камайиб, 10,3 фоиз даражасида шаклланди. Бу ҳақда Марказий банкнинг аҳоли ва тадбиркорлар орасида ўтказган анъанавий сўровномаси натижаларида келтириб ўтилган.
Сўнгги ойларда инфляцион кутилмаларнинг пасайиш суръатлари сезиларли даражада тезлашгани қайд этилмоқда.
Асосий омиллар сақланмоқда
Марказий банк шарҳига кўра, аҳоли фикрича, нархлар ўсишига таъсир қилувчи асосий омиллар орасида коммунал хизматлар ҳамда ёқилғи-энергия ресурслари нархларининг ошишига оид хавотирлар етакчилик қилмоқда. Бу омилларни қайд этган респондентлар улуши ўтган ойларга нисбатан сезиларли даражада ошган. Шунингдек, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилиши, транспорт харажатлари ҳамда иш ҳақи ва нафақалар оширилиши билан боғлиқ хавотир билдирганлар сони ҳам кўпайган.

Манба: Марказий банк
Тадбиркорлар орасида ҳам ушбу омиллар инфляцион кутилмаларга асосий таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида сақланиб қолмоқда, бунда транспорт харажатларининг ошиши ҳам қўшимча таъсир қилувчи фактор сифатида қайд этилган. Шунингдек, хомашё нархларининг қимматлашиши, валюта курсидаги ўзгаришлар ва солиқ юкининг юқорилигига оид хавотир билдирган тадбиркорлар улуши ҳам ошган.

Манба: Марказий банк
Соҳалар ва ҳудудлар кесимида фарқлар
Аҳоли гуруҳлари орасида энг юқори инфляцион кутилмалар пенсионерлар томонидан билдирилган бўлса, энг паст кўрсаткич талабалар ҳиссасига тўғри келган.

Манба: Марказий банк
Тадбиркорлар кесимида эса энг юқори кутилмалар маданият, ҳунармандчилик ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида қайд этилган. Кафе-ресторан хизмати ва ташиш хизматларида энг паст даражалар кузатилган.

Манба: Марказий банк
Ҳудудий жиҳатдан қаралганда, инфляцион кутилмаларнинг энг юқори кўрсаткичлари аҳоли орасида Тошкент вилоятида, тадбиркорлар орасида эса Тошкент шаҳрида қайд этилган. Энг паст кўрсаткичлар аҳоли орасида ҳам тадбиркорлар орасида ҳам Қорақалпоғистон Республикасида кузатилган.

Манба: Марказий банк





