«Етти эмас, етти минг марта ўйлаш керак» — Жамоатчилик гербни ўзгартириш ташаббуси ҳақида

Bugun 18:208 daqiqa

Сенатор Қудратилла Рафиқовнинг герб ҳақидаги фикрларидан сўнг муҳокамалар авж олди. VAQT.UZ сиёсатшунос, иқтисодчилар, жамоатчилик фаоллари ва журналистлар муносабатларини бир жойга жамлади.

«Етти эмас, етти минг марта ўйлаш керак» — Жамоатчилик гербни ўзгартириш ташаббуси ҳақида

Сиёсатшунос ва сенатор Қудратилла Рафиқовнинг давлат гербидаги пахта ва ғалла тасвирлари ҳақидаги фикрлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. 

У ўзининг «Миллат шавкати» мақоласида амалдаги гербдаги ушбу элементлар мустақилликдан кейин ҳам собиқ тизим мафкуравий таъсирининг давом этаётганини англатишини таъкидлади. Рафиқовнинг фикрича, пахта ва ғалла мамлакатнинг ижтимоий-маънавий ўзлигини ифодаловчи асосий тимсоллар бўлиши керак эмас.

«Биз ўз асрий орзу-армонларимиз, улуғ ниятларимиз ва бу жаҳондаги руҳоний «ўзлигимиз»ни шу ўсимликлар сиймосида кўришимиз керакми? Албатта, бу мустақилликдан кейин ҳам бир оёғимиз мафкуравий жиҳатдан собиқ тизим харобалари узра қолиб кетганини англатади», — дея ёзади Рафиқов.

Шунингдек, у бугунги Ўзбекистон тараққиётини уч босқич — «совет Ўзбекистони», «посткоммунистик Ўзбекистон» ва «Янги Ўзбекистон» орқали тавсифлаган.

«Айтилган мулоҳазалар бизнинг тасаввурларимизда бугун мамлакатимизнинг уч хил характердаги кўринишини акс эттириши билан ниҳоятда аҳамиятли: «совет Ўзбекистони», «посткоммунистик Ўзбекистон» ва «Янги Ўзбекистон»», — дея хулоса қилади Қудратилла Рафиқов.

Сенаторнинг ушбу фикрлари ортидан ижтимоий тармоқлар ва экспертлар доирасида қизғин баҳслар бошланди. Айримлар гербни замонавий Ўзбекистон қиёфасига мослаштириш кераклигини айтган бўлса, бошқалар амалдаги давлат рамзлари йиллар давомида шаклланган миллий бирлик ва тарихий хотиранинг бир қисмига айланганини таъкидламоқда.

Фикр етакчиларининг муносабатлари

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов сенаторнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, «Мен бунга тўлиқ қўшиламан», деб ёзди.

«Герб менга бегонадек туюлади» — Обиджон Латипов

Жамоатчилик фаоли Обиджон Латипов Ўзбекистон байроғи ва гербига нисбатан турлича ҳиссиётлари борлигини айтди. Унинг фикрича, байроқ миллатни бирлаштирувчи ва умумий ўзликни ифода этувчи рамз бўлса, гербда бундай туйғуни ҳис қилмаган.

Латипов бунга сабаб сифатида гербдаги пахта тимсолини кўрсатган. У пахтани тарихан халқнинг оғир меҳнати ва қарамлик даври билан боғлаб, уни улуғлаш «кишан ёки қамчини соғинишга ўхшайди», деган фикрни билдирган.

Шунингдек, у байроқни кўрганида фахр ҳиссини туйишини, бироқ герб унда бегоналик ва камситилиш ҳиссини уйғотишини таъкидлаган.

«Рамзлар аллақачон бирлаштирувчи омилга айланган» — Отабек Бакиров

Иқтисодчи Отабек Бакиров герб масаласида турли фикрлар бўлиши табиий эканини таъкидлаб, шу билан бирга айрим саволлар очиқ қолаётганини қайд этди. У, хусусан, амалдаги герб қабул қилинган пайтдаги парламент муҳокамалари ва овоз бериш тафсилотлари ҳам жамоатчилик учун қизиқ бўлиши мумкинлигини айтди.

Бакировнинг фикрича, амалдаги герб ва байроқ юзасидан саволлар мавжуд бўлса-да, айнан шу давлат рамзлари остида мамлакат муҳим тарихий жараёнларни бошдан кечирган. Унинг таъкидлашича, йиллар давомида улар жамиятнинг турли қатламлари ва қарашларини бирлаштирувчи рамзга айланиб улгурган.

Иқтисодчи гербдаги айрим элементлар, жумладан, Ҳумо қушини ўраб турган пахта ва ғалла тасвирлари маъноси юзасидан саволлар бўлиши мумкинлигини тан олган. Бироқ у давлат рамзлари ёқиши ёки ёқмаслигидан қатъи назар, уларни ўзгартириш ёки алмаштириш тарафдори эмаслигини билдирган.

«Аввал моҳият ўзгариши керак» — Комил Жалилов

Таълим эксперти Комил Жалилов амалдаги давлат герби унга ҳам ёқмаслигини билдириб, унинг асосида собиқ ЎзССР давридаги рамзлар таъсири сақланиб қолганини қайд этди. Унинг фикрича, мустақилликнинг илк йилларида айрим коммунистик унсурлар ўзгартирилган бўлса-да, давлат рамзлари пойдеворида аввалги тизим излари сезилиб турибди.

Шу билан бирга, Жалилов ҳозирги шароитда давлат рамзларини ўзгартириш тарафдори эмаслигини айтди. У бундай ташаббус иқтисодий жиҳатдан қўшимча юк бўлиши мумкинлигини, айниқса ташқи қарзлар ошиб бораётган ва педагог ҳамда шифокорлар паст маош билан ишлаётган бир пайтда бу масала устувор бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, экспертнинг фикрича, аввал тизим ва мазмун ўзгариши, кейин эса ташқи атрибутлар янгиланиши керак. У буни «Москвич»ни «Mercedes» рангига бўяш билан унинг моҳияти ўзгармаслиги ҳақидаги қиёс билан изоҳлаган.

«Гербни ўзгартириш миллиардлаб харажатларни келтириши мумкин» — Зафарбек Солижонов

Блогер Зафарбек Солижонов гербни ўзгартириш ташаббусига қарши эканини билдириб, масаланинг иқтисодий томонига эътибор қаратди. Унинг фикрича, давлат рамзларидаги ҳар қандай ўзгариш нафақат рамзий, балки катта молиявий ва ташкилий жараёнларни ҳам талаб қилади.

Солижоновнинг таъкидлашича, герб янгиланса давлат бинолари, чегара постлари, ҳарбий техникалар, хизмат автомобиллари, паспорт ва ID-карталар, муҳрлар, бланкалар, давлат реестрлари ҳамда рақамли тизимларни ҳам янгилаш зарур бўлади.

«Биргина герб ўзгариши билан бино пештоқлари, паспортлар, хизмат машиналари, муҳрлар ва давлат тизимларининг катта қисми янгиланади. Шу туришда ўртача 80–100 миллион доллар атрофидаги харажат кўринмаяптими сизларга?» — дея ёзади у.

Блогернинг фикрича, айни пайтда бундай ўзгаришларнинг амалий ва иқтисодий оқибатлари ҳам алоҳида ҳисоб-китоб қилиниши керак.

«Муҳокама аввал харажатлардан бошланиши керак» — Барногул Саноқулова

Гербни ўзгартириш ташаббусининг иқтисодий оқибатлари ҳақида фикр билдирганлар орасида иқтисодчи Барногул Саноқулова ҳам мавзунинг молиявий томонига эътибор қаратди. У муҳокамаларда энг муҳим савол — бу ташаббус солиқ тўловчиларга қанчага тушиши масаласи эканини таъкидлади.

«Гербнинг ўзгариши солиқ тўловчиларга қанчага тушиши ҳақидаги аниқ ҳисоб-китоб маълумотларидан бошқа деярли ҳамма маълумот медиада айлантирилибди. Менга айнан шу маълумот қизиқ, айниқса ҳозирги иқтисодий ҳолатимизни ҳисобга олсак», — дейди Саноқулова.

«Масала дизайндан кўра кенгроқ» — Отабек Акромов

Герб атрофидаги муҳокамаларга сиёсий ва назарий нуқтаи назардан ёндашган Отабек Акромов давлат рамзлари оддий тасвир ёки безак элементи эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, давлат рамзлари мамлакатнинг тарихий хотираси, сиёсий легитимлиги ва жамиятнинг ўзини қандай тасаввур қилишини ифодаловчи муҳим воситалардан бири ҳисобланади.

«Давлат рамзлари — бу шунчаки визуал атрибут эмас, балки сиёсий маъно ва коллектив ўзлик рамзларидир», — дейди Акромов.

Унинг таъкидлашича, герб атрофидаги бугунги баҳсларни фақат дизайн ёки айрим тасвирларни алмаштириш масаласи сифатида кўриш етарли эмас. Чунки бу мунозаралар аслида давлат қайси тарихий ва мафкуравий асослар устида шаклланиши кераклиги ҳақидаги кенгроқ саволларни ҳам ўз ичига олади.

Акромовнинг фикрича, сиёсатшуносликда давлат рамзлари «символик сиёсат»нинг муҳим элементи ҳисобланади. Давлатлар фуқароларда умумий мансублик ҳиссини нафақат иқтисодий ёки сиёсий институтлар орқали, балки рамзлар орқали ҳам шакллантиради. Айниқса, постсовет мамлакатларида бу масала янада сезгир ҳисобланади, чунки кўплаб рамзлар собиқ тизим мероси билан боғлиқ.

«Герб атрофидаги баҳслар дизайн ҳақида эмас, балки давлатчиликнинг қайси тарихий ва мафкуравий асосларга таяниши ҳақидаги баҳс ҳисобланади», — дея таъкидлайди у.

Шунингдек, докторантнинг фикрича, гербни ўзгартириш тарафдорлари бу жараённи янги миллий ўзликни шакллантириш ёки деколонизация жараёнининг бир қисми сифатида кўриши мумкин. Қарши тараф эса мавжуд рамзларни мустақилликнинг дастлабки даври ва давлат барқарорлигининг муҳим қисми сифатида қабул қилади.

Акромов давлат рамзларининг легитимлиги фақат тарихий келиб чиқиши ёки дизайнига эмас, балки жамият томонидан қанчалик қабул қилинишига ҳам боғлиқлигини қайд этади. Унинг фикрича, кучли рамзлар вақт ўтиши билан шаклланади ва коллектив хотиранинг бир қисмига айланади.

«Етти эмас, етти минг марта ўйланиши керак» — Мирзо Зоминий

Жамоатчилик фаоли Мирзо Зоминий давлат гербини янгилаш масаласи кун тартибига чиқиб бораётганини таъкидлаб, амалдаги гербдаги айрим элементлар бугунги Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини тўлиқ ифодаламаслиги мумкинлигини айтди. 

Унинг фикрича, мамлакат энди фақат аграр давлат эмас, балки ташқи сиёсати ва минтақадаги ўрни ҳам сезиларли даражада ўзгарган.

«Амалдаги гербимиздаги пахта ва ғалла элементлари бизни ҳамон совет ўтмишининг иқтисодий қолипига боғлаб турибди», — дейди Зоминий.

Шу билан бирга, у гербни янгилаш масаласида учта муҳим жиҳатни алоҳида кўрсатди.

Биринчидан, унинг фикрича, давлат рамзларини шакллантиришда сунъий интеллект яратадиган юзаки шаблонлардан қочиш керак. Бунинг ўрнига тарихчилар, график дизайнерлар, рассомлар ва таҳлил марказлари иштирокида чуқур таҳлиллар олиб борилиши лозим.

Иккинчидан, агар бундай жараён бошланса, у охиригача етказилиши керак. У бунга мисол сифатида сўм рамзи, Тошкент шаҳри ва Жиззах вилояти логотиплари каби айрим ташаббусларнинг амалий якуний ечимсиз қолганини келтирди.

Учинчидан, янгиланиш бўлса, унинг коммуникацияси ҳам тўғри қурилиши керак. Жамият ва халқаро ҳамжамиятга бу ўзгариш эски рамзлардан воз кечиш эмас, балки давлат манфаатлари ва салоҳиятининг янги босқичга ўтиши сифатида тушунтирилиши зарурлигини таъкидлади.

Якунда у бундай тарихий қадамлар шошма-шошарлик билан эмас, балки ҳар томонлама чуқур ўйлаб қабул қилиниши кераклигини айтган.

«Бу мавзу шунчаки гапирилиб, кейин эсдан чиқиб кетадиган масала эмас» — Илёс Сафаров

Журналист Илёс Сафаров герб атрофидаги муҳокамаларга сиёсий нуқтаи назардан ёндашиб, бу масала тасодифан кун тартибига чиқмаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Унинг фикрича, бундай мавзулар одатда шунчаки айтилиб, кейин унутилиб кетадиган ташаббуслар қаторига кирмайди.

«Мен билган Қудратилла Рафиқов ўта эҳтиёткор, ҳар бир қадамини етти ўлчаб кейин ташлайдиган инсон. Шу маънода, давлат гербини ўзгартиришдек жиддий мавзу шунчаки гапирилиб, кейин эсдан чиқиб кетадиган масала эмас», — дейди у.

Журналистнинг ёзишича, агар бундай мавзу оммавий муҳокамага олиб чиқилаётган бўлса, бу юқори даражаларда аллақачон муҳокама қилинган ёки ҳеч бўлмаганда дастлабки тайёргарлик босқичидан ўтаётган бўлиши мумкин. У ҳатто ташаббус яқин ойлар ичида амалий босқичга ўтиши эҳтимолини ҳам истисно қилмайди.

Бироқ Сафаров бу ерда бошқа муҳим саволлар ҳам пайдо бўлишини таъкидлайди. Унинг фикрича, агар давлат рамзларини янгилаш бўйича ҳақиқатан ҳам режа бўлганида, нега бу масала яқинда ўтказилган Конституциявий ислоҳотлар пакети билан бирга кўриб чиқилмаган?

«Бу нафақат вақтни, балки давлат бюджети маблағларини ҳам сезиларли даражада тежаган бўларди-ку», — дейди у.

Сафаровнинг қайд этишича, гербнинг ўзгариши фақат битта тасвирнинг алмашиши эмас. Бу ҳужжатлар бланкалари, муҳрлар, валюта, давлат идоралари рамзлари ва бошқа минглаб йўналишларни янгилашни талаб қиладиган катта жараёнга айланиши мумкин.

Шунингдек, журналист бу ташаббус ортида бошқа сиёсий ва тактик ҳисоб-китоблар бўлиши эҳтимолини ҳам илгари сурди. Унинг фикрича, бундай мавзу баъзан жамоатчилик эътиборини бошқа сиёсий жараёнлардан чалғитиш ёки келажакдаги ўзгаришларга тайёргарлик вазифасини ҳам бажариши мумкин.

«Герб масаласи шунчаки эстетик янгиланиш эмас, балки кутилаётган йирик сиёсий ўзгаришларнинг илк рамзий сигнали ва жамоатчилик онгини тайёрлаш босқичи бўлиши ҳам мумкин», — дея хулоса қилади Илёс Сафаров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ VAQT.UZ дунёнинг турли давлатларида гербни алмаштириш амалиёти қандай амалга оширилгани ҳақидаги маълумотларни бир жойга тўплаган эди.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 132

Barchasi

Mavzuga oid