Қирғизистонда «Starlink» интернети ишга тушди

Bugun 10:252 daqiqa

Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари ушбу глобал сервисга уланмаган.

Қирғизистонда «Starlink» интернети ишга тушди © getmedigital.com

Қирғизистон ҳудудида «Starlink» сунъий йўлдош интернет хизмати расман ишга тушди. Хизматнинг расмий харитасида мамлакат интернетдан фойдаланиш мумкин бўлган ҳудудлар қаторига киритилди.

Энди мамлакат фуқаролари ўз манзилини киритиш орқали хизмат мавжудлиги ва ҳудуддаги тарифлар ҳақида маълумот олиши мумкин. Шунингдек, фойдаланувчилар қурилмалар тўпламини буюртма қилиш имкониятига ҳам эга.

Қирғизистонда «Starlink» ускуналари тўплами 36 270 сом ёки тахминан 415 доллар қилиб белгиланган. Хизмат айниқса интернет инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаган ҳудудлар учун аҳамиятли ҳисобланмоқда.

Марказий Осиё тажрибаси

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон сунъий йўлдош интернетини илк қабул қилган давлатлардан бири бўлган. У ерда хизмат 2025 йил 13 август куни ишга туширилган эди.

Дастлаб тизим синов режимида ишлаб, асосан чекка қишлоқлардаги мактабларни интернет билан таъминлаш вазифасини бажарди. Кейинчалик хизмат кенг фойдаланувчилар учун ҳам очилди.

Ҳозирги вақтда Қозоғистонда ойлик «Starlink» хизмати 31 минг тенге ёки тахминан 65 долларга тенг. Ускуналар тўплами эса 201 минг тенге, яъни тахминан 427 доллар этиб белгиланган.

Шу билан бирга, Тожикистон ҳам «Starlink» хизмати фойдаланаётган мамлакатлар қаторига қўшилган.

Ўзбекистонда қачон ишга туширилади

«SpaceX» компанияси 2022 йилда Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирган эди.

Аввал хизматни 2023 йилда ишга тушириш режаси айтилган, кейин муддат 2025 йилга кўчирилган. Кейинчалик бу сана яна бир йилга сурилди.

Аввалроқ Самарқанд вилоятининг «Жартепа» постида Тожикистондан кириб келаётган фуқаро бошқарувидаги «Mercedes-Benz» русумли автомашина белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, юкхонада божхона декларациясида қайд этилмаган ва тегишли рухсатномаси бўлмаган 1 дона «Starlink» қурилмаси борлиги аниқланиб, мусодара қилинган.

Шунингдек, Туркманистонда апрел ойининг ўрталаридан бошлаб «Starlink» сунъий йўлдош интернет антенналари аниқланиб, демонтаж қилинган. Қайд этилишича, мамлакатда алоқа тизимининг оғир ҳолати, интернет тезлигининг пастлиги ва тарифларнинг қимматлиги сабабли аҳоли «Starlink» хизматига ўтишга мажбур бўлган. Феврал ойининг ўрталаридан бошлаб Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан жорий этилган тармоқ «сустлаштирилиши» эса ушбу хизматга талабни янада оширган.

Teglar

Mavzuga oid