Ўзбекистонда докторантлар стипендияси 1,7 баробарга оширилади ва ОАК Фанлар академиясига ўтказилади

Kecha 23:152 daqiqa

Диссертация ҳимоясидаги ортиқча бюрократия 50 фоизга қисқартирилади.

Ўзбекистонда докторантлар стипендияси 1,7 баробарга оширилади ва ОАК Фанлар академиясига ўтказилади

Ўзбекистонда устувор йўналишлардаги докторантлар стипендияси 1,7 баробарга оширилади, Олий аттестация комиссияси (ОАК) фаолияти Фанлар академияси тизимига ўтказилади ҳамда диссертация ҳимояси жараёнларидаги тартиб-таомиллар 50 фоизга қисқартирилади. Бу ҳақда 25 май куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тақдимотда маълум қилинди.

Қайд этилишича, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия, озиқ-овқат хавфсизлиги, тиббиёт, сув ресурслари, янги материаллар ва сейсмология каби устувор соҳалардаги докторантларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилади. Стипендияларни ошириш билан бирга, илмий тадқиқотлар учун асбоб-ускуна ва реагентлар харидига ҳар йили қўшимча маблағ ажратиб борилиши назарда тутилмоқда.

ОАК тизимидаги ўзгаришлар ва рақамлаштириш

Олий аттестация комиссияси фаолиятини Фанлар академияси тизимида ташкил қилиш орқали илмий кенгашлар масъулияти оширилиб, уларнинг фаолияти рейтинг асосида баҳоланади. Илмий даража бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиши ҳисобига ортиқча бюрократия қисқаради. Хусусан, кўп сонли ҳужжатларни чоп этиш, авторефератларни катта миқдорда тайёрлаш ва диссертацияларни такроран муҳокама қилиш билан боғлиқ талаблар бекор қилинади. Бу изланувчиларга вақт ва маблағни тежаш имконини беради.

Иқтисодиёт билан интеграция ва янги дастурлар

Илм-фан ва иқтисодиётнинг реал сектори интеграциясини кучайтириш мақсадида янги дастурлар йўлга қўйилади:

«Лойиҳа доирасида илмий даража»
«Амалий докторантура»

Ушбу дастурлар доирасида фалсафа доктори (PhD) даражаси ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, реал сектор корхоналари билан ҳамкорликдаги амалий лойиҳалар доирасида олинади.

Баҳолаш, назорат ва халқаро ҳамкорлик

Тақдимотда илмий фаолиятга оид яна бир қатор ўзгаришлар белгилаб берилди:

• Муваффақиятли ҳимоя қилинган диссертациялар бўйича илмий раҳбарларни халқаро фаоллигига қараб, натижага йўналтирилган рағбатлантириш тизими жорий қилинади.

• Илмий лойиҳаларни молиялаштириш ва баҳолаш жараёнига халқаро экспертлар жалб қилиниб, шаффофлик оширилади.

• Олимларнинг илмий фаолиятини кузатишнинг ягона рақамли тизими ҳамда тадқиқот сифати устидан таъсирчан мониторинг йўлга қўйилади.

• Хориждаги тажрибали ватандош олимлар иштирокида Илм-фан маслаҳат кенгаши ташкил этилади.

Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни пухта ишлаб чиқиш ҳамда илмий тадқиқотлар сифатини ошириш муҳимлигини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid