Ўзбекистон Қирғизистон кўмирининг асосий харидори бўлиб қолмоқда
Қирғизистонда кўмир экспорти қисқарган бўлса-да, Ўзбекистон мамлакат ёқилғи маҳсулотларининг энг йирик ташқи харидори бўлиб қолмоқда.
© ria.ru2026 йил январ–март ойлари якунлари бўйича Қирғизистон ташқи бозорларга 294 минг тоннадан ортиқ тошкўмир экспорт қилди. Мамлакатнинг ушбу маҳсулотдан олган умумий даромади 1,24 миллиард сом (тахминан 14,2 миллион доллар)ни ташкил этди.
Ҳисоботларга кўра, экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 фоизга камайган. Бироқ тушумлар аксинча 4,7 фоизга ошгани қайд этилмоқда. Бу ташқи бозордаги нархлар ўзгариши ва талаб динамикаси билан изоҳланмоқда.
Энг йирик импортчи сифатида Ўзбекистон етакчиликни сақлаб қолди. Қирғизистон корхоналари мамлакатга 277 минг 377 тонна кўмир етказиб берган. Бу республика ташқи савдосида Ўзбекистоннинг муҳим ўрни сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Кўмир экспорти ўсиши
Тошкўмирдан ташқари қўнғир кўмир ёки лигнит экспорти ҳам юқори ўсиш суръатини намоён қилди. Ҳисоботларга кўра, ушбу маҳсулот экспорти 67,5 фоизга ошиб, 166 минг 440 тоннадан зиёдни ташкил этган.
Лигнит етказиб беришдан олинган умумий даромад эса 799 миллион сом (тахминан 9,1 миллион доллар)дан ошди. Асосий ташқи харидорлар қаторида Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой қайд этилди.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон 124 минг тоннадан ортиқ лигнит импорт қилган. Шу билан бирга, Тожикистон 31,7 минг тонна ва Хитой 10 минг тоннадан зиёд маҳсулот харид қилган.
Импорт кескин камайди
Айни пайтда Қирғизистон ташқи бозорлардан кўмир харид қилиш ҳажмини сезиларли даражада қисқартирди. Мамлакатга импорт қилинган тошкўмир ҳажми 28,9 минг тоннага тушди.
Бу кўрсаткич ўтган йил даражасининг атиги 18,6 фоизини ташкил қилган. Импорт харажатлари 94,4 миллион сом тахминан (1,08 миллион доллар)га тенг бўлган ва деярли барча маҳсулот Қозоғистондан келтирилган.





