Logo

10 йиллик ташқи сиёсат: Ўзбекистоннинг стратегик шериклари ва иттифоқчилари кимлар?

Ўзбекистон ҳозирги кунгача 170 га яқин давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган. Уларнинг 5 таси билан иттифоқчилик, 21 таси билан эса стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйган. Vaqt.uz сўнгги 10 йилда Ўзбекистоннинг стратегик шериклари ва иттифоқчилари қандай ўзгарганини ўрганди.

10 йиллик ташқи сиёсат: Ўзбекистоннинг стратегик шериклари ва иттифоқчилари кимлар? © Pakistan Today

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистоннинг ташқи алоқалари нафақат рақамларда, балки географик жиҳатдан ҳам кенгайди. Бу даврда Ўзбекистон анъанавий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаб, Марказий Осиё, Жанубий ва Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Кавказ ҳамда Европа мамлакатлари билан дипломатик муносабатларни ўрнатди. Бу ўзгаришларнинг шаклланиш жараёнини аввало 2016-йилгача бўлган давр мисолида кўриб чиқамиз.

Стратегик шериклик қаердан бошланди?

Бу йил Ўзбекистоннинг стратегик шериклик сиёсатини олиб бораётганига 24 йил тўлди. 2016-йилгача Ўзбекистон АҚШ, Япония, Россия, Озарбайжон, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой ва Қозоғистон билан стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйган. Бу давлатлар билан алоқалар имзоланган декларация ва шартномалар орқали мустаҳкамланган.

Энг муҳим келишувлардан бири 2002-йилда АҚШ билан «Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисида»ги декларация имзоланиши бўлди.

Россия билан 2004-йилда стратегик шерикчилик тўғрисида, 2005-йилда эса иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома имзоланган.

Ушбу алоқалар кейинги йилларда иқтисодий ҳамкорликда ҳам ўз аксини топди. 2025-йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 13 млрд долларга яқинлашди. Россия Ўзбекистоннинг Хитой билан бирга энг йирик савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. Икки давлатни савдодан ташқари, миграция, энергетика ва тарихий-иқтисодий алоқалар ҳам боғлаб туради.

2012-йилда Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкори бўлган Хитой ҳам давлатнинг стратегик ҳамкорига айланди. Ўша йили икки давлат «Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида»ги қўшма декларацияни қабул қилди. Натижада 2025-йилга келиб  Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси 17,2 миллиард долларни ташкил этиб, мамлакат ташқи савдосининг қарийб 21 фоизига тенг бўлган.

Шу тариқа, 2016-йилгача Ўзбекистон 8 давлат билан стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйди. Кейинги ўн йилликда эса бу доира янги давлатлар ҳисобига кенгая бошлади.

 

Стратегик ҳамкорлар сони  2,6 баробарга ошди

Очиқлик сиёсати ва қўшни давлатлар билан муносабатларнинг яхшиланиши натижасида дастлаб стратегик шериклар сони кўпайди. Кейинчалик бу жараён Европа ва Яқин Шарқ давлатларини ҳам қамраб олди.

 

Марказий Осиё

Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувидаги илк йилларида асосий эътибор Марказий Осиёга қаратилди. 2017–2018-йилларда Туркманистон, Қирғиз Республикаси ва Тожикистон билан стратегик шериклик ўрнатилиши барча қўшнилар билан муносабатларни янги даражага олиб чиқди.

Жараён 2017-йилнинг 6-март куни Ўзбекистон президенти ва Туркманистоннинг ўша вақтдаги президенти, «Арқадағ» Гурбангули Бердимуҳамедов «Стратегик шериклик тўғрисида»ги шартномани имзолагани билан бошланди.

Шу йил 5-октябрда Қирғиз Республикаси билан ҳам стратегик шериклик ўрнатилди. Ўзбекистон президенти ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев тегишли декларацияни имзолади. Ташриф давомида 10 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинди. Чегара пунктларининг қайта очилиши ва транспорт қатновларининг тикланишни савдога ҳам таъсир қилди.

Натижада Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ташқи савдо 2016-йилдаги қарийб 200 млн доллардан 2025-йилда 1,2 млрд долларга етди. Яъни тўққиз йил ичида савдо қарийб 6 баравар ошди.

2018-йилда Тожикистон билан муносабатлар ҳам стратегик даражага кўтарилди. 17-август куни Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон  «Стратегик шериклик тўғрисида»ги шартномани имзолади. Томонлар савдо, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб, музокаралар якунида 27 та ҳужжатни қабул қилди.

Стратегик яқинлашув кейинги йилларда иқтисодий алоқаларда ҳам акс этди. Тожикистон билан савдо 2017-йилдаги 237,9 млн доллардан 2025-йилда 920,4 млн долларга етиб, қарийб 3,9 баравар ошди. Туркманистон билан савдо ҳам 2025-йилда 1,2 млрд долларни ташкил қилди.

Осиё ва Европа

2019-йил 19-апрелда Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари «Алоҳида стратегик шериклик тўғрисида»ги қўшма декларацияни имзолади. Ҳужжат билан инвестицияларни ҳимоя қилиш, фан, технология, инновация ва соғлиқни сақлаш йўналишлар расмийлаштирилди. Ташриф доирасида умумий қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар бўйича битимлар имзоланган.

2021-йилда стратегик шериклик географияси бир вақтнинг ўзида Европа ва Жанубий Осиёга кенгайди. 30-март куни Венгрия билан «Стратегик шериклик тўғрисида»ги қўшма декларация имзоланди. Музокаралар якунида савдо, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инновация ва бошқа йўналишларни қамраб олган 10 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинди.

Орадан уч ой ўтиб, Покистон ҳам Ўзбекистоннинг стратегик шеригига айланди. Икки давлат раҳбарлари «Стратегик шериклик тўғрисида«ги қўшма декларацияни имзолаб, ташриф давомида яна 8 та ҳужжат алмашди. Улар орасида транзит ва савдо, виза тартибини соддалаштириш ҳамда чегарадан ўтувчи товар ва транспорт воситалари бўйича келишувлар бўлган. Бизнес форумида эса 500 миллион доллардан ортиқ шартномалар имзоланди.

Бу даврда янги шериклар билан бир қаторда мавжуд алоқалар ҳам юқори даражага олиб чиқилди. 2022-йил 29–30-мартда Туркия билан муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Музокаралар якунида қўшма баёнот ва 9 та ҳужжат, жумладан имтиёзли савдо, транспорт, меҳнат ва соғлиқни сақлаш соҳаларига оид келишувларга эришилди.

2023-йилда Ўзбекистоннинг Европа давлатлари билан дипломатик алоқалари яна кенгайди. 8-июн куни Ўзбекистон ва Италия ўртасида стратегик шериклик ўрнатилди. Ўзбекистон президенти ва Италия бош вазири Жоржа Мелони музокаралар якунида «Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида»ги қўшма декларацияни қабул қилди. Шу билан стратегик шериклик тармоғида Европа давлатларининг улуши ҳам ошди.

Европа, Яқин Шарқ ва Кавказ

2024-йилда Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ мамлакатлари билан алоқаларида ҳам янги босқич бошланди. 15-апрел куни Ўзбекистон ва Қатар ўртасида икки томонлама «Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида»ги битимга эришилди. Ушбу келишув  кейинчалик Олий Мажлис томонидан ЎРҚ-1040-сонли қонун билан ратификация қилинди.

2025-йил 15-январ куни Абу-Дабида президент Шавкат Мирзиёев ва БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён музокаралар ўтказди. Учрашув якунида икки давлат ўртасида «Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида»ги декларация қабул қилинди.

Орадан икки ой ўтиб Парижда Франция президенти Эммануэл Макрон музокара ўтаказиш чоғида «Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида»ги қўшма декларация қабул қилинди. Шунингдек, таълим, виза, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳаларда келишувларга эришилди. Франция компаниялари билан 6,5 миллиард евролик лойиҳалар бўйича ҳамкорлик белгиланди.

Шу йилнинг 9-июн куни  Словакия бош вазири Роберт Фицо билан музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар якунида «Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида»ги қўшма декларация имзоланди. Томонлар қишлоқ хўжалиги, энергетика, стандартлаштириш, дипломатик кадрлар тайёрлаш ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор ҳужжатларни имзолаган.

2026-йилда стратегик шериклик Кавказ ва Шарқий Европа давлатлари билан ҳам ўрнатилди. Хусусан, 3-июл куни Тошкентда Ўзбекистон ва Грузия президентлари музокара ўтказди. Учрашув якунида «Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида»ги декларация қабул қилинди. Шунингдек, божхона, рақамлаштириш, таълим, фан, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ҳужжатлар имзоланди.

Орадан 6 кун ўтиб Тошкентда Беларус президенти Александр Лукашенко билан музокара ўтказилди. Якунда «Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида»ги декларация қабул қилинди.

Шундай қилиб, бугунги кунгача Ўзбекистоннинг «ишончли ҳамкорлари» сони 21 тага етди. Сўнгги ўн йилда бу кўрсаткич 13 тага кўпайиб, 2,6 баравар ошди.

 

Ўзбекистоннинг иттифоқчилари кимлар?

Стратегик шериклар сонининг ортиши билан бир қаторда, Ўзбекистон айрим давлатлар билан муносабатларини иттифоқчилик даражасига ҳам олиб чиқди. Иттифоқчилик стратегик шерикликнинг кейинги босқичи бўлиб, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик билан бирга, хавфсизлик ва ўзаро ҳарбий ёрдам бўйича мажбуриятларни ҳам ўз ичига олади.

a

Ҳозирда Ўзбекистон Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Қирғиз Республикаси  билан иттифоқчилик муносабатларига эга. Россия билан бундай муносабатлар 2005-йилда, Қозоғистон билан 2021-йилда, Тожикистон ва Озарбайжон билан эса 2024-йилда ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.

Энг сўнгги босқич эса Қирғиз Республикаси билан боғлиқ. 2026-йил 30-июлда икки давлат президентлари «Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида»ги шартномани имзолади. Ҳужжат билан бирга давлат чегараси участкалари, «Чашма» булоғидан фойдаланиш, ижтимоий суғурта ва пенсия таъминотига оид келишувлар ҳам имзоланди.

Шундай қилиб, 2025-йилда Ўзбекистоннинг ушбу беш давлат билан жами ташқи савдо айланмаси 20,39 миллиард долларни ташкил этди. Бу мамлакатнинг 81,17 миллиард долларлик умумий ташқи савдо айланмасининг 25,1 фоизига, яъни қарийб чорак қисмига тенг.

Демак, сўнгги ўн йилда учта қўшни давлат билан иттифоқчилик алоқаларининг ўрнатилиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ролини кучайтирди. Шу билан бирга, Европа, Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари билан алоқаларнинг ривожланиши ташқи сиёсат географиясини янада кенгайтирди. Натижада Ўзбекистон кўпроқ давлатлар билан яқин ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйди.

Teglar

null null

Zilola Xolto'rayevaMaqolalar soni: 26

Barchasi

Mavzuga oid

10 йиллик ташқи сиёсат: Ўзбекистоннинг стратегик шериклари ва иттифоқчилари кимлар? | Vaqt.uz