60 кунлик сулҳ тугади: АҚШ ва Эронни энди нима кутмоқда?
Июн ойида имзоланган келишувдан кўп ўтмай, томонлар бир-бирини уни бузишда айблай бошлаган эди.
© aurora-israel.co.ilАҚШ ва Эрон ўртасидаги ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган меморандумнинг амал қилиш муддати, бугун, душанба куни ўз ниҳоясига етади. Бироқ сўнгги ҳафталарда ўзаро айбловларга сабаб бўлаётган бу келишув муддатини узайтиришга ҳеч қайси томон қизиқиш билдирмаяпти.
«АҚШ билан музокараларни қайта бошлаш бўйича ҳали қарор қабул қилганимиз йўқ», — деб ёзди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи шанба куни ўзининг Телеграм саҳифасида.
Айни пайтда Қатар ва Покистон воситачилари Эрон билан мулоқотни давом эттирмоқда. Арақчининг қўшимча қилишича, Теҳрон Уммон билан Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракати учун янги йўналишлар белгилашга доир алоҳида келишув устида ишламоқда. Бироқ вазир бунга фақат сиёсий ечим орқали эришиш мумкинлигини билдирган.
АҚШ президенти Доналд Трамп эса жума куни Ню-Йоркда тарафдорлари олдида қилган чиқишида, Қўшма Штатлар тез орада ушбу ўта муҳим сув йўлини ўз назоратига олишини маълум қилган эди.
Меморандумнинг мазмуни нимадан иборат?
17 июн куни Доналд Трамп ва Эрон президенти Масъуд Пизишкиён имзолаган келишув Покистон мезбонлигида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар натижасида юзага келганди. Мазкур ҳужжат минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, Форс кўрфазидаги тижорат қатновларини, хусусан, бутун дунё учун ўта муҳим бўлган нефт ва газ экспортини издан чиқарган уч ойлик урушга чек қўйиши кутилган эди.
Эроннинг ядро дастури сингари мураккаб масалалар ечимини кейинга қолдирган ҳолда, бу келишув нафақат Теҳрон билан урушни тўхтатиш бўйича тезкор дипломатик чора топишга, балки Ливандаги можарога ҳам нуқта қўйишга қаратилган эди.
Келишувда таъкидланишича, Эрон ва АҚШ «ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан ва узил-кесил тўхтатишни эълон қилади» ҳамда «якуний битим» «барча жабҳаларда урушнинг бутунлай якунланишини тасдиқлайди». Ҳужжатда бундай «якуний битим» БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланиши ва унга узоғи билан 60 кун ичида эришилиши, мазкур муддат ўзаро розилик асосида узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.
Шунингдек, АҚШ 30 кун ичида денгиз қамалини бекор қилиши, «якуний битим» тузилганидан сўнг ўз қўшинларини Эрон чегараларидан олиб чиқиб кетиши ва Эрон учун камида 300 миллиард долларлик қайта тиклаш ҳамда ривожлантириш дастури устида ишлашни бошлаши лозим эди. Бундан ташқари, Вашингтон Эронга қарши жорий этилган санкцияларни бекор қилишга, Эрон нефт экспортига қўйилган чекловларни олиб ташлашга ва Теҳронга музлатиб қўйилган маблағларидан фойдаланишга рухсат беришга рози бўлган. Эрон эса, ўз навбатида, Ҳўрмуз бўғозини миналардан тозалаши ва 60 кун давомида кемаларнинг бўғоздан бож тўламасдан ўтишини таъминлаши керак эди.
Шу билан бирга, Теҳрон ядро қуролига эга бўлишга интилмаслигини ва уранни бойитиш каби масалалар бўйича музокаралар олиб боришини яна бир бор тасдиқлаган бўлиб, бунинг тафсилотлари БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган «якуний битим»да тўлиқ ўз аксини топиши кўзда тутилган эди.
Келишув нега ишламади?
АҚШ ва Эроннинг келишув борасидаги талқинлари бироз фарқ қилса-да, имзоланишдан кейинги баҳсларнинг аксарияти асосий масалалар — бу вақтинчалик сулҳми ёки доимий битимми ва ҳар бир томон айнан нима қилиши кераклиги атрофида юз берди.
27 июнга келиб Трамп Эроннинг минтақадаги ҳужумларини битимнинг «аҳмоқона тарзда бузилиши» деб атади. Эрон эса АҚШ зарбаларини «Ўзаро англашув меморандумининг 1-моддасини бузиш» сифатида баҳолади.
7 июл куни Трамп келишув «тугганини» маълум қилди. Шундан сўнг АҚШ Эронга, хусусан, Теҳрон томонидан фуқаролик инфратузилмаси деб аталган иншоотларга ҳужумларни давом эттирди ва бу камида 50 кишининг ўлимига олиб келди. Эрон расмийлари АҚШ барча мажбуриятларини «бузгани ва бажаришни тўхтатганини», шу боис Теҳрон ҳам «ўз мажбуриятларини бажаришни тўхтатишга қарор қилганини» билдирди.
Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш масаласи ҳам амалга ошмай қолди. Эрон ва АҚШ расмийлари бўғозни айнан ўзлари назорат қилаётганини таъкидлашда давом этмоқда. Ушбу ҳафта бошида Пентагон бўғозда Панама байроғи остида ҳаракатланаётган юк кемасига қарата ўт очганини маълум қилди. Бунга кеманинг «АҚШ томонидан Эронга қарши ўрнатилган қамални бузиб ўтгани» сабаб қилиб кўрсатилди.
«АҚШ келишув ёки меморандум шартларига амал қилмаганидан сўнг ўт очишни тўхтатиш тартиби ўз кучини йўқотди ва бутунлай бекор бўлди», — деди Теҳрондаги Амалий фанлар университети профессори Мустафо Хушчешм «Ал-Жазира» телеканалига берган интервюсида.
Унинг қўшимча қилишича, Теҳрон АҚШни бир қатор ваъдаларни бажармаганликда айбламоқда. Хусусан, Эрон активларини блокдан чиқариш, санкцияларни бекор қилиш, денгиз қамалини олиб ташлаш ва Исроил қўшинларини Ливан жанубидан олиб чиқиб кетиш каби мажбуриятлар шулар жумласидандир.
«Эндиликда эса ҳужжатнинг муддати расман тугагани айтилмоқда», — деди Хушчешм.
Бундан кейин нима бўлади?
Меморандум муддати душанба куни якунига етса-да, бунинг амалда нимани англатиши масаласида томонларнинг ёндашуви турлича.
Эрон Талабалар ахборот агентлиги (ISNA) хабарига кўра, Аббос Арақчи жума кунги баёнотида Исломобод меморандумида кўзда тутилган мақсад «ўт очишни вақтинча тўхтатиш эмас, балки урушни бутунлай якунлаш» эканини таъкидлаган. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ меморандум шартларини бузиб, ҳужумларни давом эттиргани сабабли, «узайтирилиши мумкин бўлган 60 кунлик сулҳнинг ўзи амалда бўлмаган».
Эрон миллий хавфсизлик тизимида сўнгги пайтларда юз берган кадрлар алмашинуви Теҳроннинг келгуси музокараларда янада қаттиққўлроқ позицияни эгаллашидан далолат бермоқда. Хусусан, Ҳўрмуз бўғози назорати масаласида ён бериш эҳтимоли жуда паст. Масалан, шу ой бошида Ислом инқилоби посбонлари корпусининг собиқ қўмондони Муҳсин Ризоий Эроннинг энг олий хавфсизлик органи — Олий миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари этиб тайинланди. Таҳлилчиларга кўра, бу қадам ҳарбий ва фуқаролик амалиётларини ўзаро янада самарали мувофиқлаштиришга қаратилган.
«Муҳсин Ризоийнинг бу лавозимга тайинланиши ва раҳбариятдаги бошқа сўнгги ўзгаришлар Эрон ўзини устунроқ вазиятда деб ҳисоблаётганини кўрсатади», — деди Хушчешм.
Унинг фикрича, ҳар қандай янги музокараларда Эрон стол атрофига янада йирикроқ талаблар билан келиши эҳтимоли юқори. Бу талаблар Ғазодаги урушни тўхтатишдан тортиб, санкциялар ҳамда Яман қамалини бекор қилиш, ҳатто Исроилни ядро қуролидан холи ҳудудга айлантиришни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
АҚШнинг қўлида саноқли имкониятлар қолди
Трамп ва унинг маъмурияти Ҳўрмуз бўғози ҳамда иқтисодий урушга доир баёнотларини янада кескинлаштирган.
Жума куни Трамп мазкур сув йўлини расман АҚШ ҳудуди деб эълон қилиш режаси борлигини маълум қилди.
«Эронни узил-кесил мағлуб этганимиздан сўнг — айни пайтда улар жуда оғир мағлубиятни бошдан кечирмоқда — тез орада Ҳўрмуз бўғозини АҚШ ҳудуди сифатида эълон қиламан», — деди у.
Молия вазири Скотт Бессент ҳам жума кунги чиқишида АҚШ Эронга нисбатан шу пайтгача «мисли кўрилмаган» чораларни қўллашини таъкидлади.
Бироқ Вашингтондаги Стимсон марказининг етакчи илмий ходими Барбара Славин «Ал-Жазира» телеканалига берган интервюсида, агар Трамп Теҳронга кўпроқ босим ўтказмоқчи бўлса ҳам, унинг қўлида таъсир ўтказиш учун воситалар деярли қолмаганини айтди.
Славиннинг сўзларига кўра, АҚШнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари захираси тугамоқда, стратегик нефт захиралари ҳам бўшаб қолган. Асосий ҳарбий техникалар, жумладан, авиаташувчи кемалар режалаштирилганидан бир неча ой кўпроқ вақт давомида денгизда ушлаб турилган. Бу эса АҚШда ҳарбий ечимлар учун имкониятлар жуда чекланганини англатади. Иқтисодий босим масаласида эса Теҳрон Ҳўрмуз бўғозидаги транзит қатновини издан чиқариш орқали бошқаларга қанчалик жиддий иқтисодий зарар келтира олишини аллақачон кўрсатиб қўйган.
«Эрон бу борада кескин ҳаракат қилмоқда. Ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, улар июн ойида имзоланган меморандум шартларини бажармагани учун Трамп маъмуриятидан қаттиқ ғазабланган. Улар Доналд Трампни ва халқаро иқтисодиётни жиддий тер тўкишга мажбур қилмоқда», — деди Славин.
Славиннинг таъкидлашича, у ёки бу тарзда, Эронга уруш учун товон пули тўланиши ва у Ҳўрмуз бўғози устидан кенгроқ назоратга эга бўлиши эҳтимоли жуда юқори. Унинг фикрича, бу можаро «АҚШдаги оралиқ сайловлардан сўнг, овоз бериш жараёнига таъсири камроқ бўладиган пайтда, катта эҳтимол билан ўзаро битим тузиш орқали ҳал қилинади».
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Ғолибоф шанба куни Теҳронда журналистларга берган интервюсида, меморандум орқали Эрон фойдасига қилинган ён босишлар «ғурур ва ғалаба манбаи» эканини айтди.
«Тўла ишонч билан айта оламанки, биз бу урушда ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий жиҳатдан ҳақиқий ғолиб бўлиб чиқдик», — дея таъкидлади у.





