
Автобус «қуён»ларига жарималар оширилмоқда
Жамоат транспортида йўл ҳақини тўламаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда: Тошкентда 2025 йилнинг 11 ойида 19 632 та қоидабузарлик қайд этилган. Шунингдек, «уддабурон» йўловчилар жаримага тортилган. Vaqt.uz бу борада аҳоли фикрини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровнома ўтказди ва мутахассисдан фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб олди.
2025 йил 1 январдан пойтахт жамоат транспорти йўналишларида бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф — 3 000 сўм этиб белгиланган. Электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда эса йўл ҳақи 1 700 сўмни ташкил этади. Аммо, 2025 йилнинг 11 ойи давомида 19 632 та қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланган йўловчиларга нисбатан баённомалар расмийлаштирилди.
Vaqt.uz бу борада аҳоли фикрини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровнома ўтказди ва мутахассисдан фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Респондентлар саволга жавоб берар экан, баъзи ҳолларда маълум сабабларга кўра ҳақиқатдан ҳам автобус ҳақини тўламаганини тан олди. Аммо кейинги сафар жамоат транспортидан фойдаланганда икки маротаба тўлов қилганини таъкидлади.
Автобусларда йўл ҳақини тўламайдиганларни аниқлаш жараёни қандай амалга оширилади? Бу саволга жавоб олиш учун «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси директори Қахоров Муҳаммаджон Обиджоновичга юзландик.
«Ҳар бир назоратчида боди камера бор. Жараён боди камерага ёзиб олинаётганлиги тўғрисида йўловчи огоҳлантирилади ва ундан тўловни амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжат сўралади. Агар тақдим қила олмаса, бевосита боди камера орқали у расмга олинади. Ўша йўловчини идентификация қилиш орқали шахсига аниқлик киритилиб, шу жойи ўзида жарима жазоси қўлланилади», дейди у.
Йўл ҳақини тўламайдиганлар ҳақида аниқ статистик маълумот эълон қилинган, аммо бундай фуқаролар ҳақиқатда қанчалик кўп? Бу саволга жавоб олиш мақсадида ҳайдовчилар фикри билан ҳам қизиқдик.
Ҳайдовчиларнинг айтишича, йўловчиларнинг йўл ҳақини тўламасдан автобусдан тушиб кетиш ҳолати тез-тез учраб туради. Улар аҳолига «Йўл ҳаққини тўланг», деб мурожаат қилганда eсa, баъзи фуқаролар қўпол муносабат билдиради.
2025 йилдан нақд тўловнинг бекор қилиниши ва электрон тизимнинг жорий этилиши қай даражада самара берди? Яъни, ўтган йилги ва жорий йилги тушум ўртасида қандай фарқ бор?
Муҳаммаджон Қахоровга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 октабрдаги 726-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳрида 1 январдан бошлаб автобусларда йўл ҳақини тўлаш жараёни фақат электрон тарзда амалга оширилиши амалиёти жорий қилинди. Ўтган 11 ой мобайнида йўловчи оқими 30 фоизга ошган, йўл ҳақи тўловидан тушган маблағлар эса 20 фоизга кўтарилган. Яъни, ушбу амалиёт жорий этилганидан кейин ҳам йўловчи оқими ошган, ҳам тўловлар кўпайган.
Фуқаролардан бири аввал нақд тўлов пайтида ҳайдовчилар йўловчиларни кўпроқ кутганини, ҳозирги электрон тизимдан кейин ҳатто 1 дақиқа ҳам кутмаётганини айтди. Vaqt.uz ушбу масалага ойдинлик киритиш учун мутахассисга юзланди.
«Тўғри, илгари ҳайдовчиларда кунлик пул тушум режаси мавжуд эди. Ҳайдовчилар шу режани бажариш асосида ҳаракат жадвалига риоя қилмасди. Йирик ва метрога яқин бўлган оралиқ бекатларда йўловчиларни белгиланган вақтдан ташқари кутиш ҳолатлари мавжуд бўларди. Бугунги кунда ушбу ҳолатлар бартараф этилган, яъни, ҳайдовчи ўзига белгиланган ҳаракат жадвалига риоя қилган ҳолда қатновни бажариши кўзда тутилган», дейди Муҳаммаджон Қахоров.
Сўровнома натижаларига кўра, баъзи фуқароларда имконият йўқлиги сабабли йўл ҳақини тўламаслик ҳолати кузатилган. Аммо “беш қўл баробар эмас” — атайлабдан йўл ҳақини тўламайдиганлар ҳам талайгина.
Яна бир бор эслатамиз! Пойтахт жамоат транспортида йўл ҳақини ўз вақтида тўлашни унутманг. Акс ҳолда БҲМнинг 10 фоизи — 41 200 сўм миқдорида жарима тўлайсиз.
Teglar






