БАА молиявий сектори урушдан олдинги иш режимига қайтмоқда

Bugun 12:453 daqiqa

Уруш ва хавфсизлик хавотирлари ортидан вақтинча секинлашган Дубай молия бозори яна жонланмоқда. Халқаро банклар офисларга қайтмоқда, янги компаниялар эса DIFC ҳудудида ваколатхоналар очишда давом этяпти.

БАА молиявий сектори урушдан олдинги иш режимига қайтмоқда © stimson.org

АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳ фонида Бирлашган Араб Амирликлари молиявий сектори аста-секин урушдан олдинги ҳолатга қайтмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Банклар одатий иш режимига қайтмоқда
«Citigroup» вакили 4-май куни «барча ходимлар энди офисга қайтиши мумкин, филиаллар одатий режимда ишламоқда» деб маълум қилди. «Standard Chartered» ҳам «иш жараёни одатдагидек давом этаётган»ни билдирди.


Март ойида ҳарбий ҳаракатлар фонида қатор йирик халқаро банклар, жумладан «HSBC», «Goldman Sachs», «JPMorgan Chase», «Houlihan Lokey», «UBS», «Deutsche Bank», «BNP Paribas», «Standard Chartered» ва «Citibank» Форс кўрфази давлатларидаги филиалларини тўлиқ ёки қисман ёпиб, ходимларни масофавий иш режимига ўтказган эди.


«Bloomberg» маълумотига кўра, ҳужумлар ва хавфсизлик хавотирлари сабаб банкирлар БААни оммавий тарк эта бошлаган. Шунга қарамай, айрим компаниялар мамлакатда инвестиция фаолиятини кенгайтирмоқда.
«Brookfield Asset Management» Дубайда кўчмас мулкни бошқариш бўлинмасини ташкил этмоқда ва шаҳар кўчмас мулк бозорига катта ставка қиляпти.

«Биз минтақанинг хавф ва имкониятларини бошқалардан яхшироқ тушунамиз, шунинг учун капитал киритишга интиляпмиз», – деди компаниянинг Яқин Шарқ бўйича раҳбари Жад Эллавн.


Шунингдек, «Citadel» хедж-фонди ҳам Дубайда иш бошлашга тайёргарлик кўрмоқда. Фонд активлари 67 миллиард долларга баҳоланади. Март ойида Дубай халқаро молиявий марказида (DIFC) ҳудудида 258 та компания минтақавий ваколатхона очди. Бу ўтган йилга нисбатан 59 фоиз кўп. Умуман олганда, биринчи чоракда DIFC ҳудудида 775 та янги компания ваколатхонаси очилган.

БАА қандай қилиб барқарор қолди?

Яқин Шарқдаги уруш бошланганидан кейин молиявий гуруҳлар Бирлашган Араб Амирликлари, айниқса Дубай инвесторлар учун «хавфсиз бошпана» мақомини сақлаб қола олишига шубҳа билан қараган эди. Бироқ, «Bloomberg» маълумотига кўра, кутилган ҳалокат юз бермади ва мамлакат молия сектори аста-секин одатий фаолиятига қайтмоқда.


Агентлик таъкидлашича, паст солиқлар ва активлар хавфсизлиги ҳанузгача малакали мутахассислар ҳамда глобал компанияларни жалб қилмоқда. Уруш вақтида Дубай бизнеслар ишини давом эттира олиши учун айрим тартибга солувчи талабларни юмшатган.


«Tiger Recruitment» компаниясининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаси учун ишга ёллаш бўлими бошлиғи Захра Кларкнинг айтишича, БААда фаолият юритувчи кўплаб компаниялар ҳали ҳам ходим ёлламоқда, «бироқ аввалгига нисбатан секинроқ суръатда».


Узоқ муддатли «олтин визалар» хорижлик мутахассисларни уй-жой сотиб олиш ва ўз бизнесини очишга рағбатлантирмоқда. Март ойида БАА ҳукумати мамлакатни вақтинча тарк этган чет эллик ишчиларга солиқ резидентлиги мақомини йўқотмасдан хорижда узоқроқ қолишга рухсат берди.
 
Швейцариянинг «Agius & Partners» рекрутинг компанияси бош директори Грег Агиуснинг таъкидлашича, кўплаб банкирлар ва бой инвесторлар БААнинг инқирозни қандай бошқарганидан ҳайратда қолган.

«Дубай оилалар ва тадбиркорлар учун катта имкониятлар таклиф қилади. Швейцария ажойиб мамлакат, аммо у ерда ҳаёт суръати секинроқ ва солиқлар юқорироқ», – дейди у.


Шу билан бирга, агентлик қайд этишича, Яқин Шарқдаги битимлар истиқболи тобора ноаниқлашмоқда. Манбаларга кўра, 2026-йилнинг биринчи ярмига режалаштирилган айрим IPOлар кечиктирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Шунингдек, компаниялар инвестицияларни ортга суриши сабаб қўшилиш ва сотиб олишлар (M&A) фаоллиги ҳам пасайиши эҳтимол қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid