Боғчадаги 10 минг волтли фожиа: Она асосий жавобгарлар жазоланмаганини айтмоқда
Фарғона шаҳридаги давлат боғчасида олти ёшли бола очиқ қолдирилган юқори кучланишли трансформаторга йиқилиб, оғир тан жароҳати олганига қарийб ярим йил бўлган. Боланинг онаси Vaqt.uz'га мурожаат қилиб, фарзанди бир неча бор мураккаб операцияларни бошдан кечирганини ва иш бўйича асосий жавобгарлар жавобгарликка тортилмаганини таъкидламоқда.
Фарғона шаҳрининг Ecocity мавзесида жойлашган 66-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 18-феврал куни содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида олти ёшли тарбияланувчи Абу Зар Равшанжонов юқори кучланишли электр токи уриши натижасида оғир тан жароҳати олган. Ҳодисадан сўнг бола узоқ муддат шифохонада даволанган ва бир неча мураккаб операцияларни бошдан кечирган.
Жабрланувчининг онаси Шаҳноза Қудратованинг айтишича, боғча ҳудудида ўрнатилган 10 минг волтли трансформатор пункти усти очиқ қолган, атрофи эса ҳимоя тўсиқлари билан ўралмаган. Унинг сўзларига кўра, бола айнан шу жойга йиқилиб тушган ва танасининг турли қисмлари кучли куйган.
Оиланинг маълум қилишича, дастлаб Фарғонада даволанган бола кейинчалик Тошкентдаги клиникага олиб келинган. Шифокорлар электр токи таъсирида нафақат тери, балки нерв ва пайлар ҳам зарарланганини аниқлаган. Ҳозирча чап қўлининг фаолияти тўлиқ тикланмаган, яна қўшимча операциялар ўтказилиши режалаштирилган. Шифокорлар тўлиқ тикланиш эҳтимолини ҳам аниқ баҳолай олмаётганини ота-онаси айтмоқда.
Боланинг онасининг айтишича, ҳодисадан кейин трансформатор жойлашган ҳудуд дарҳол ўраб қўйилган ва усти ёпилган. Унинг фикрича, хавфсизлик чоралари аввалроқ кўрилганида, бу ҳодисанинг олдини олиш мумкин эди. Шунингдек, у шунга ўхшаш хавфли жойлар бошқа боғчаларда ҳам бўлгани ва воқеадан кейин уларда ҳам тегишли чоралар кўрилганини таъкидлайди.
“Асосий жавобгарлар жазоланмади”
Жабрланувчи томоннинг айтишича, тергов ва суд жараёнлари якунида тарбиячи, қурилиш ташкилоти вакили ҳамда электр тармоқлари тизими ходимига нисбатан жавобгарлик белгиланган. Бироқ она боғча раҳбарияти ва хўжалик ишлари учун масъул шахслар ҳам жавобгарликка тортилиши керак эди, деган фикрда.
Унинг таъкидлашича, бола боғча тарбиясида бўлган пайтда ҳодиса юз бергани боис, ҳудуддаги хавфсизликни таъминлаш учун боғча маъмурияти ҳам масъул бўлиши керак эди. Аммо суд бу позицияни инобатга олмаганини айтмоқда.
ЖИБ Фарғона шаҳар суди ҳукмига кўра, тарбиячига икки йил давомида барча мактабгача таълим муассасаларида ишлаш тақиқланган ҳамда моддий зарар ундирилган. Қолган икки судланувчига ҳам аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси ва моддий зарар тўлаш мажбурияти юклатилган. Жабрланувчи томоннинг ҳисоблашича, белгиланган 45 миллион сўм компенсация боланинг ҳозиргача қилинган ва келгусида давом этадиган даволаниш харажатларини қоплаш учун етарли эмас.
“Менга эмас, болам учун адолат керак”
Боланинг онаси мурожаати якунида фарзандининг ҳали олдинда яна бир неча операциялар кутаётганини айтиб, масъул деб ҳисоблайдиган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраган. “Мен ўзим учун ҳеч нарса сўрамайман. Фақат болам учун адолат бўлишини истайман", дейди у.
Teglar

