Ичида миллиардер бўлган самолёт қулаб тушди. Бу қандай рўй берди?
Америкада қулаб тушган хусусий самолётнинг нархи тахминан 2 млн доллар атрофида баҳоланган. Унинг ичида бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлди. Учувчи 20 ёшли қиз эди.
© Videodan kadrАҚШнинг Флорида штатидаги Палм-Бич округида 1-ноябр куни Learjet 60 русумли хусусий самолёт ҳалокатга учради. Бизнес-жет автомобил йўлига қулаб тушган. Ҳодиса АҚШ президенти Доналд Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳидан 10 километрдан сал узоқроқ масофада содир бўлган. Самолёт бортида бўлган тўққиз кишининг барчаси, жумладан, икки бола ҳалок бўлган.
Самолёт қулаб тушган жой яқинида бўлган автомобил ҳайдовчиси ҳам жароҳат олган. Ҳалокат жойига яқин Green Acres трейлерлар шаҳарчасидан бир неча юз киши эвакуация қилинган. Самолёт Техас штатининг Остин шаҳридан Багама оролларига қараб учаётган эди. Унинг бортида IT-тадбиркор ва миллиардер Адам Робинсон, унинг рафиқаси Ҳелен Шарп ҳамда икки фарзанди — тўрт ёшли Эмма ва икки ёшли Чарли бўлган.
Шунингдек, улар билан бирга энага Анита Мария Сетина ва оиланинг дўстлари Рейчел Рид ҳамда Чарми Фер ҳам учган. Самолёт экипажи икки учувчидан иборат бўлган. Улар 55 ёшли, Пенсилвания штатидан бўлган тажрибали капитан Жефф Грегорий ва иккинчи учувчи, 20 ёшли (айрим ОАВ маълумотларига кўра, 21 ёшли) Наталия Фигейрас эди. Диспетчерлар билан алоқани айнан Фигейрас олиб борган.
Фигейрас самолёт бошқариш учун лицензияни 17 ёшида олган. Флоридада яшаган ушбу қиз маҳаллий телеканаллардан бирига берган интервюсида синфдошлари автомобил ҳайдашни «зўр» деб ҳисоблаган бир пайтда, ўзи самолёт бошқариш бундан ҳам «зўр» деб ўйлаганини айтган. 2026-йил 1-ноябр ҳолатига кўра, унинг самолётда учиш тажрибаси қарийб 1300 соатни ташкил этган.
Маълум қилинишича, парвоз мураккаб об-ҳаво шароитида амалга оширилган. Учувчилар ва диспетчерлар ўртасидаги суҳбат ёзувидан маълум бўлишича, парвоз вақтида экипаж самолёт фюзеляжи (асосий корпуси) музлаётгани ва ҳаво кучли тебранаётганини билдирган. Бу вақтда ташқи ҳаво ҳарорати минус 47 даража Целсийни ташкил этган. Учувчилар баландликка кўтарилишга рухсат сўраган.
Диспетчер уларга баландликни оширишга рухсат берган. Бироқ орадан тахминан ярим дақиқа ўтиб, экипаж фавқулодда вазият юзага келганини билдирган. Самолёт кескин равишда пастга туша бошлаган ва учувчилар уни бошқара олмай қолган. Самолёт учувчилари сўнгги сўзлари орасида «Биз ерга уриламиз» деган. Фигейрас эса «Ташқарига қара!» деб бақирган.
«New York Post» нашрининг ёзишича, аудиoёзувда самолёт қулашидан бир неча сония олдин эркак кишининг дуо ўқиётгани ҳам эшитилади. Нашр ибодатни капитан Грегорий ўқиган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Learjet 60 самолётидан Остин шаҳрида жойлашган, бизнес-жетларни ижарага беришга ихтисослашган «Upper Jets» компанияси фойдаланган. Learjet 60 русумли хусусий самолётнинг нархи тахминан 2 миллион доллар атрофида баҳоланган.
Компания ҳалокат сабабларини ўрганаётган авиация идоралари билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган. Ушбу русумдаги самолётларни ишлаб чиқарувчи «Bombardier» компанияси ҳам терговда иштирок этаётганини маълум қилган. Бироқ бошқа тафсилотлар юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
Тахминларга кўра, самолёт ҳавода бўлган пайтдаёқ ҳаддан ташқари кучли босим ва юклама таъсирида унинг корпуси парчалана бошлаган. Терговнинг дастлабки босқичида катта ҳудудга сочилиб кетган самолёт қолдиқларини йиғиш ва ўрганиш режалаштирилган.
Соҳа нашрларининг қайд этишича, Learjet 60 русумидаги самолётларга парвоз давомида учувчилар суҳбатини ёзиб борувчи махсус қурилма — овоз ёзиш мосламаси ўрнатилиши шарт. Бироқ ушбу «қора қути» топилган-топилмагани ҳали номаълум. Самолётнинг парвоз баландлиги, тезлиги ва бошқа техник кўрсаткичларини қайд этувчи иккинчи қурилма эса Learjet 60 русумида бўлмаган бўлиши мумкин. Чунки қонунчиликка кўра, 10 тагача йўловчи ўриндиғига эга самолётларга бундай қурилмани ўрнатиш мажбурий эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда самолёт бортидаги қоидаларни бузганларга жарима оширилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.





