Logo

«BYD» 183 мингдан ортиқ автомобилини қайтариб олмоқда

Bugun 08:003 daqiqa

Компаниянинг «Qin» ва «Tang» серияларига кирувчи автомобилларда тормоз педали билан боғлиқ нуқсон аниқланган.

«BYD» 183 мингдан ортиқ автомобилини қайтариб олмоқда

Хитойнинг Бозорни тартибга солиш давлат бошқармаси («SAMR») «BYD» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 183 211 та автомобилни қайтариб олиш жараёни бошланганини маълум қилди. Бунга тормоз педали механизмидаги детал билан боғлиқ ишлаб чиқариш нуқсони сабаб бўлган.

Гап «Qin» ва «Tang» сериясидаги, 2014–2022 йилларда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳақида кетмоқда. «BYD» нуқсонли детални ваколатли дилерлар орқали бепул алмаштириб беришини маълум қилган.

Қайси автомобиллар чақириб олинмоқда?

Хитой регулятори эълон қилган маълумотларга кўра, қайтариб олиш бир нечта гуруҳни қамраб олади:

Модел серияси

Ишлаб чиқарилган давр

Сони

«Tang» серияси

2015 йил 28 март — 2018 йил 21 декабр

58 026 та

Янги авлод «Tang DM»

2018 йил 19 май — 2022 йил 14 январ

77 846 та

Янги авлод «Tang EV»

2018 йил 27 декабр — 2021 йил 25 октябр

7 023 та

«Qin» серияси

2014 йил 27 июн — 2019 йил 9 июн

40 316 та

Жами

183 211 та

Расмий маълумотда қайтариб чақириш фақат Хитойда ишлаб чиқарилган автомобилларга тааллуқли экани кўрсатилган.

Муаммо айнан нимада?

Регулятор маълумотига кўра, гап тормоз педалини чекловчи детали ҳақида кетмоқда. Унинг материал партиясида ишлаб чиқариш билан боғлиқ нотекислик аниқланган.

Узоқ вақт фойдаланиш натижасида ушбу детал ёрилиши ёки бузилиши, энг оғир ҳолатда эса ўз жойидан тушиб кетиши мумкин. Бундай вазиятда тормоз педали босилмаган бўлса ҳам, тормоз чироқлари ёниб қолиши кузатилади. Регулятор бу ҳолат орқада ҳаракатланаётган бошқа ҳайдовчиларга нотўғри сигнал бериши ва йўлда хавф туғдириши мумкинлигини билдирган.

«BYD» қайтариб чақириш доирасидаги автомобилларда ушбу детални такомиллаштирилган версияга текин алмаштириб беришини маълум қилган. Таъмирлаш ваколатли дилерлар орқали амалга оширилади.

Айрим автомобилларда бу детал аввалроқ яхшиланган версияга алмаштирилган бўлиши мумкин. Регулятор маълумотига кўра, бундай транспорт воситаларини қайта алмаштириш талаб этилмайди.

«BYD» автомобил эгаларини хат, телефон қўнғироғи ва СМС орқали хабардор қилишини билдирган. Шунингдек, мижозлар учун махсус ишонч телефони ҳам ишга туширилган.

Бу хабар Ўзбекистондаги «BYD» автомобилларига ҳам тегишлими?

Ҳозирги расмий қайтариб чақириш эълонида фақат Хитойда ишлаб чиқарилган, аниқ модел ва ишлаб чиқариш санаси бўйича белгиланган автомобиллар кўрсатилган.

Очиқ манбалардаги Хитой эълонларида ушбу қайтариб олишнинг Ўзбекистонда сотилган «BYD» автомобилларига ҳам татбиқ этилиши ҳақида маълумот йўқ.

Автомобил эгаси ўз машинаси қайтариб чақириш рўйхатига кириш-кирмаслигини VIN рақами орқали Хитойнинг расмий қайтариб чақириш тизимида текшириб кўриши мумкин. Регулятор маълумотига кўра, 2014 йилдан кейин ишлаб чиқарилган автомобилларнинг қайтариб чақириш маълумотларини VIN орқали текшириш имкони мавжуд.

Бу «BYD»нинг биринчи йирик чақируви эмас

Компания сўнгги йилларда бир нечта йирик қайтариб олиш жараёнларига дуч келган.

2025 йилнинг октябр ойида «BYD» 115 783 та автомобилни қайтариб чақириш режасини эълон қилган эди. Ушбу жараён 44 535 та «Tang» ҳамда 71 248 та «Yuan Pro» моделларини қамраб олган. «Tang» автомобилларида электрон қисмлар дизайни билан боғлиқ камчилик, «Yuan Pro»да эса аккумулятор корпусининг герметиклиги масаласида муаммо аниқланган эди.

Ўша пайтда «Reuters» агентлиги буни «BYD» тарихидаги энг йирик чақириб олиш сифатида баҳолаган.

2024 йилда ҳам қарийб 97 мингта «BYD» қайтариб олинган

2024 йилнинг сентябр ойида «BYD» 96 714 та «Dolphin» ва «Yuan Plus» электромобилларини чақириб олшини билдирган эди.

Хитой регулятори маълумотларига кўра, уларнинг 87 762 таси 2023 йилда ишлаб чиқарилган «Dolphin» ва «Yuan Plus» моделлари, қолган 8 952 таси эса 2022–2023 йилларда чиқарилган «Yuan Plus» автомобиллари бўлган. Муаммо электр бошқарувли рул тизими контроллерини ишлаб чиқаришдаги нуқсон билан боғлиқ бўлиб, бу айрим ҳолатларда қисқа туташув ва қизиб кетиш хавфини келтириб чиқариши мумкинлиги айтилган.

Teglar

Mavzuga oid